Соғлом ҳаёт учун

15.01.2024 12:01:32

БПТ аъзолари саъй ҳаракати билан “Соғлом ҳаёт учун” фаол юриш тадбирида маҳалладошлар фаоллик кўрсатишди

Дарҳақиқат, соғлом турмуш тарзи касалликнинг олдини олишга имкон берадиган ҳамда инсонларнинг ҳаёт тарзи сифатини оширишга хизмат қиладиган жараёндир.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши ва ҳамкор ташкилотлар томонидан Шахрисабз педагогика институтида “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимида замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш” мавзусида педагоглар, талабалар ва маҳаллалар аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда тиббиёт тизимида ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш, фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш хусусида сўз юритилди.
– Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, энг катта бойлигимиз бу – халқимизнинг саломатлигидир, - деди тадбирда халқ депутатлари Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши депутати Азамат Бердиев. - Партиямиз сайловолди дастурида ҳам аҳолининг тиббий маданиятини оширишга, соҳани тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, кейинги йилларда соҳада рўй бераётган туб ўзгаришлар, моддий-техник базанинг мустаҳкамланаётгани, диагностика, шу билан биргаликда даволаш ва профилактика ишларига замонавий техника ва технологиялар жорий қилинаётгани тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳамда самарадорлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Маълумки, Қашқадарё вилояти шаҳар ва қишлоқларида ҳафта кунлари – стрессларга қарши курашиш, туз ва шакарни чеклаш, тамакисиз кун, соғлом овқатланиш, пиёда юриш ҳамда саломатлик кунлари сифатида соғломлаштириш тадбирлари ўтказилиб келинаяпти. Айниқса, Ўзбекистон “Адолат”СДП вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан доимий равишда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича зарур ҳаётий кўникмаларини шакллантириш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш тарғиботи, “Соғлом ҳаёт учун ” пиёда юриш каби жисмоний фаоллик тадбирлари ташкил этилмоқда.
Партиянинг “Соғлом турмуш тарзи — соғлом миллат демакдир” лойиҳаси доирасида партиямиз аъзолари Арабон маҳалла аҳолиси иштирокида "Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам" шиори билан фаол юриш тадбири ҳам бўлиб ўтди. Шаҳар тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти ташаббуси билан аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган фаол юриш тадбирида маҳалла аҳолиси ва ҳудуд тиббиёт ходимлари, ёшлар, хотин-қизлар қатнашди. Умуман, партия ташкилотларимиз ва мутахассислар инсон соғлигига хавф солувчи зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт ва жисмоний тарбия билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори керагидан ортиқча бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслик лозимлиги ҳақида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бораяптилар.

Самариддин Зайниддинов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши раиси,
халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+