2023 йилдан беморларни шифохонада дори воситалари ва тиббий буюмлар билан бепул таъминлаш тизими йўлга қўйилади

07.11.2022 16:11:27

Бугун инсон саломатлигини муҳофаза қилишда замонавий тиббий ёрдам билан бир қаторда, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлаш ҳам муҳим ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда тиббий-ижтимоий йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолини ўз вақтида, арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, ўтган ҳафтада қабул қилинган “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан аҳоли ва тиббиёт ташкилотларининг сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминланганлик даражасини ошириш, соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб боришга қаратилган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган республика даражасидаги давлат стационар тиббиёт муассасаларида беморларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш шифохона орқали амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу жараён аҳоли орасида тиббий маданият янада яхшиланишига, тиббий суғуртанинг аҳамияти нечоғлик муҳим эканлигини кенгроқ тушуниш имконини беради.

Шунингдек, дастлаб республика даражасидаги шифохоналарда 2023 йил давомида тажриба-синов тариқасида беморларни шифохонада дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш тизими ҳам босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Албатта, бу жараёнлар мамлакатимизда инсон қадри ҳар бир ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад эканлигининг яна бир ёрқин ифодасидир.

Шу билан бирга,  беморларда кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети доирасидаги дори-дармонлардан ташқари қўшимча дори ва тиббий буюмларга эҳтиёж бўладиган бўлса, ушбу хизматлар пуллик асосда шифохонага кирим қилинган нархларда амалга оширилади. Бунда, шифохона томонидан харид қилинадиган дори воситаларининг нархи белгиланган улгуржи референт нархларидан юқори бўлмаслиги таъминланади.

Ушбу жараёнларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этилишига эришиш мақсадида шифохоналарда дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди бўйича мутахассис лавозими жорий этилиб, бирламчи зарур бўладиган захиранинг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шакллантирилиши таъминланади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугун кенг жамоатчилик ҳамда соҳа мутахассислари томонидан дори восилари савдоси устидан етарли даражада назорат ўрнатилмаганлиги, айрим жабҳаларда тадбиркорлар ўз фойдаларини ўйлаган ҳолда зарур турдаги баъзи бир дори воситаларини белгиланган нархлардан бир неча баробар ортиқ нархда сотаётганлиги юзасидан ҳам кўплаб эътирозлар бўлиб туради.

Қарор билан дори воситаларининг чакана савдосида жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида 2023 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чекининг фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситалари нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштириш имконияти яратилиши белгиланмоқда.

Натижада, матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш натижасида дори воситаларининг чакана нархларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилганлиги аниқланган тақдирда, тегишли чора кўриш учун бу ҳақида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органига автоматик равишда хабар юборилади.

Бунда харид чеки бўйича нарх дори воситасининг чакана референт нархидан ортиқ деб топилганда, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан белгиланган тартибда жарима ундирилади. Агар сотувчи ё тадбиркор томонидан харид чекида сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тўлиқ миқдорда кўрсатилмаслиги савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш сифатида белгиланади.

Умуман олганда, қарорда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ҳаётимизга тақдим этилиш минглаб беморларга саломатлигини тиклаш жараёнида зарур бўлган дори-дармонлар ҳамда тиббиёт буюларини ўз нархида харид қилиш, белгиланган тартибда энг зарурий дори воситаларидан тиббиёт муассасалари орқали бепул фойдаланиш имконига эга бўлади.

Бу жараёнда эса, қарорда белгиланган ҳар бир вазифа ва чора-тадбирларнинг ўз вақтида ижро этилишини жамоатчилик билан биргаликда тизимли назорат қилиб бориш биз халқ ваккиллари зиммасига катта масъулият юклайди.

 

Мавлудахон Адхамжонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+