Баҳолаш мезонлари коррупцияни келтириб чиқармайдими?!

02.08.2022 17:08:07

Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган ялпи мажлисида бир қатор янги қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди. Улар орасида маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам бор.

Мазкур қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни, Солиқ кодекси ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг ҳуқуқ доирасини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Чунончи, меҳнат қилаётган маҳкумларнинг колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда.
Бироқ қонун лойиҳасидаги Жиноят-ижроия кодексига киритилаётган қўшимча, яъни маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтган-ўтмаганлигини баҳолаш мезонларининг белгиланаётганлиги депутатлар орасида айрим эътирозларни келтириб чиқарди.
Биринчидан, ушбу мезонлар илғор хорижий тажриба ва халқаро ҳуқуқ нормалари чуқур таҳлил қилинмаган ҳолда киритилмоқда.
Иккинчидан, таклиф этилаётган норма идоравий манфаатлардан холи эмас.
Учинчидан, бу ерда коррупцион омиллар тўлиқ бартараф этилмаган, яъни ушбу норма кучга кирганидан сўнг коррупция ҳолатлари урчимаслигига кафолат йўқ.
Гарчи қонун лойиҳаси ундаги прогрессив нормалар туфайли 1-ўқишда қабул қилинган бўлса-да, бироқ 2-ўқишга қадар мавжуд камчиликларни бартараф этиш тавсия этилди.

 

Қодир Жураев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+