Билим бор жойда буюклик бўлади

23.12.2022 09:12:44

Ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда асосий пойдевор — инсон омили, унинг интеллектуал салоҳияти билан узвий боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, мамлакат аҳолисининг катта қисми замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлардан иборат эканлигини инобатга олган ҳолда, мазкур қатлам ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги манфаатларини ҳимоя қилиш ва кузатилаётган долзарб малаларнинг назарий ва амалий жиҳатдан ечимини топиш кун тартибидаги муҳим вазифадир.

Цивилизациянинг илк босқичларидан ҳозирга қадар аҳамиятини йўқотмаган долзарб муаммолардан бири ёшлар масаласидир. Ўз даврининг буюк мутафаккирлари, алломаю давлат арбоблари жамият тараққиёти, барқарорлиги ва тинчлигини ёшлар тарбиясибилан боғлаган. Қаерда соғлом муҳит, мукаммал ахлоқий тарбия, қадриятлар ва анъаналарга эҳтиром бўлса, ўша жойда тараққиёт, юксалиш, хотиржамлик ва фаровонликка эришилган. Ёшлар тарбияси лоқайдлик ва эътиборсизлик қилинган ҳудудда инқироз ва таназзул рўй берган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳоли умумий сонининг 60 фоиздан ортиғини 18 миллион кучли, шижоатга эга, ғайрати ичига сиғмаган ёш фуқаролар ташкил этади.

Маълумки, ўзгаришлар даврида таълим тизими, ижтимоий жараёнлардан келиб чиққан ҳолда, шиддат билан ривожланишни тақазо этади. Зеро, таълим орқали жамиятда келажакдаги вазифаларни бажаришга қодир бўлган янги авлод шакллантирилади.

Эркин жамиятда ҳар бир инсон ўз имкониятларини тўлиқ намоён қилиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Таълим эса инсондаги туғма истеъдод нишоналарини, билим ва малакаларни ривожлантиришда энг муҳим омил ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, таълим савиясининг 1 фоизга ошиши мамлакат ялпи ички маҳсулотини 5-6 фоизга ўсишини таъминламокда. Олий маълумотли битта мутахассис тайёрлаш учун мамлакат бюджетидан тахминан 20 минг АҚШ доллари, ўрта-махсус маълумотли мутахассис учун эса қарийб 10 минг АҚШ доллари сарфланар экан.

Демак, таълимнинг сифатли бўлишидан жамият манфаатдор экан, бу ишни амалга ошириш нафакат давлат, балки жамиятнинг барча аъзоларига тааллуқли бўлиши керак. Аввало, таълим олувчилар мавжуд шароитлардан тўлақонли фойдаланишлари лозим. Бугунги талабада аввалгиларга қараганда кўпроқ илм олиш имкони мавжуд. Замонавий кутубхоналар, интернетдан бемалол фойдаланиш мумкин. Ёшлар илм ҳакикий бойлик эканлигини тушунишлари лозим.

Президентимиз томонидан 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиниши замирида айнан шу каби масалалар ётибди. “Агар таълим бўлса, билим бўлса, сифат ўзгаради. Таълим бўлмаса, сифат ўзгармаса, эътибор ҳам ўзгармайди”. Давлат раҳбарининг таъкидлашичатаълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир. Юсуф Хос Ҳожибнинг таъбири билан айтгандек, “Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади“. Шунинг учун ушбу соҳада бошланган ислоҳотлар давом эттирилади.

Хусусан, янги йилда 70 та янги мактаб қурилиб, яна 460 таси кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади ва келгуси 5 йилда уларнинг сони 1000 тага етказилади.

Мактаб ўқувчиларининг таълим олиш сифати унинг оиласи ижтимоий ҳолатига ҳам боғлиқ бўлади. Айнан шуларни инобатга олган ҳолда жорий йилнинг бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилган эди. Республика Президенти ушбу масалада тўхталиб, бу борада етарли тажриба орттирилганига эътибор қаратди ва келаси ўқув йилидан мазкур амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши ва бунга 2,3 триллион сўм ажратилишини таъкидлади.

Таълим тизимининг самарадорлигини оширишнинг энг муҳим йўналишларидан бири бу ўрта махсус касб таълимининг сифати ва имкониятларини оширишдир. Жаҳон тажрибасига кўра, ишлаб чиқаришда энг асосий ишчи кучи ҳисобланган ва мамлакатнинг инновацион ривожланишида энг муҳим ресурс ҳисобланган ўрта махсус таълим мутахассисларини тайёрлаш оркали жамиятнинг ижтимоий фаровонлиги ва мамлакатнинг иқтисодий ўсишига эришиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани боис 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш таклифини берди.

Доноларнинг айтишларича, цивилизация тарихини олти сўз билан ифодалаш мумкин: қанча кўп билсанг, шунча кўп қодирсан.

Дарҳақиқат, бу йўлда ҳар биримизнинг қўлимиздан тутган устозимиз бор. Зеро ўқитувчи энг масъул вазифани адо этади – у инсонни шакллантиради. “Ўқитувчи ва мураббийларнинг “обрўи жойига қўйилса”, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари ва олийгоҳларда сифат ўзгаришлари амалга оширилса”, Янги Ўзбекистон албатта буюк бўлади.

 

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+