Бизнес омбудсман мақомини аниқлаштириш назарда

17.10.2023 16:10:48

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг давлат органи сифатидаги мақомини аниқлаштириш назарда тутилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасигача кўтарилганлигини қайд этган ҳолда, қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди.

Тадбиркорларнинг одил судловга мурожаат этиш имкониятлари кенгайди, давлат органлари билан низоларни судгача ҳал этиш йўлга қўйилди ҳамда бошқа муқобил институтлар ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини судгача тартибда ҳал этиш мақсадида 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил этилди.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девонининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлашга ҳамда унинг давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Йиғилишда депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда кўтарилган саволлар, турли таклифлар юзасидан ташаббускорлардан атрофлича жавоблар олиниб, қонун лойиҳаси маъқулланди.

Манба: parliament.gov.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+