Электр ва газ истеъмоли “яшил энергия”га ўтказилади

22.12.2022 21:12:31

Сўнгги йилларда давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси халқимиз томонидан интиқлик билан кутиладиган воқейликка айланди. Боиси, Мурожаатнома мамлакатимиз тараққиётини таъминлаш ҳамда халқимизнинг турмуш фаравонлигини оширишга қаратилган таклиф ва ташаббусларни ўз ичига олиши билан аҳамиятлидир.

Хусусан, бу йилги Мурожаатномада ҳам давлатимиз раҳбари томонидан келгуси йилда мамлакатимиз тараққиётини таъминлашга қаратилган олтита устувор йўналиш белгилаб берилди. Анашундай йўналишлардан бири бу —эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида бошланган ислоҳотларнинг мамлакат Бош қомусида алоҳида муҳрлаб қўйилишидир.

Сабаби, бугунги кунда жаҳонда рўй бераётган мураккаб геосиёсий вазият, энергия ресурслари танқислиги кучайиб, сифатли ва арзон нархдаги озиқ-овқатга эҳтиёж ортиб бораётган бир даврда қанчалик қийин бўлмасин, иқтисодий ислоҳотларни қатъий давом эттириш, ички имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиб, хусусий секторни янада қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик муҳитини тобора яхшилаш бўйича бошланган ислоҳотларнинг жадаллик билан давом эттирилиши кишини қувонтиради.

Бунинг учун албатта, энг аввало, сиёсий ирода ва узоқни ўйлаб амалга ошириладиган иқтисодий имкониялар мавжуд бўлиши керак. Бугун ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, мамлакатимиз сўнгги олти йилдаги ислоҳотлар даврида етарли даражадаги куч, билим, тажриба ва молиявий имкониятларга эга бўлди. Биргина, мисол Ҳаракатлар стратегияси доирасида инвестициялар ҳажмини ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизидан оширишга эришилди.

Жумладан, 2023 йилдан шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади. Яний келгуси йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилади.

Албатта, савол туғилиши табиий. Бу қандай қилиб амалга оширилиши борасида. Юқорида таъкидлаганимдек, бу борада ҳам етарли тажриба тўпланган. Хусусан, ўтган давр мобайнида республикамизнинг туман ва шаҳарлари яшил, сариқ ва қизил тоифаларга ажратилган ҳолда ривожлантириб борилди. Эндиликда, янада аниқ йўналишлар орқали ҳудудларнинг ривожлантирилиши нафақат у ерда истиқомад қилаётган аҳоли турмуш фаровонлигига, шу билан бирга ҳудудларнинг ҳали ишга солнимаган имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга йўл очиб беради.

Чунки, энди тоифага қараб, туманларнинг иқтисодий ривожланиши белгиланади. Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.

Шунингдек, ушбу устувор йўналиш доирасида 2023 йилда қарийб 30 миллиард доллар сармоя жалб қилиш режалаштирилмоқда. Жумладан, умумий қиймати 8 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳалар ишга туширилиб, унга қўшимча 40 та янги йирик лойиҳа бошланади.

Мисол учун, “Ёшлик” мис конини ўзлаштиришнинг биринчи босқичи якунига етказилиб, 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга 3-мисни бойитиш фабрикаси ишга тушади. Бу орқали Олмалиқ комбинатининг рудани қайта ишлаш қуввати ҳозирги 40 миллиондан 100 миллион тоннага етади.

Шу билан бирга, Олмалиқда мисни бойитиш фабрикаси ва Мис эритиш заводи лойиҳалари бошланади. Навоийдаги Пистали конида 4 миллион тонна олтин рудасини қайта ишлаш мажмуасининг қурилиши якунланади.

Бунёдкорлик лойиҳаларимизнинг таянч устуни бўлган металлургия соҳасида амалга оширилаётган катта дастурларимиз беш йилдан кейин мисни – 3 баробар, олтинни эса йилига 150 тоннагача ошириш имконини беради. Бу эса, мамлакатимизнинг иқтисодий имконият ва қудратини устаҳкамлашда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, барча иқтисодий ислоҳотлар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга алоҳида устуворлик берилган ҳолда амалга оширилади. Хусусан, келгуси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади. Ушбу мақсадларда 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади. Бунинг ҳисобидан уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли “яшил энергия”га ўтказилади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз иқтисодиётини янада либераллаштириш орқали, барча соҳа ва тармоқлар ривожи учун молиявий ресурсларни ҳал этиш, якунда аҳолимиз учун муносиб бўлган турмуш шароитларини яратиш борасида бошланган ислоҳотларимиз янада улкан натижаларни кўзлаган ҳолда изчил давом эттирилади.

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+