Фракция аъзоларининг эътирозига нима сабаб бўлди?

22.04.2020 18:04:27

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Унга эришиш учун аввало давлат томонидан белгиланган дастур ва режаларни ўз вақтида ижросини таъминлаш муҳим ҳисобланади. Ҳукумат аъзоларининг давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросига қаратилган ҳисоботларни Олий Мажлисга тизимли равишда тақдим этиб бориши амалиёти ўтган 2019 йилда ижобий натижани кўрсатди. Бу эса мамлакат стратегик режаларини ўз вақтида сифатли таъминланишига хизмат қилди.

Жорий йилнинг 22 апрель куни Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2020 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи атрофлича муҳокама қилинди. Юқорида таъкидлаб ўтилган вазифаларга эришишда Ҳукуматнинг аниқ стратегияси кўриб чиқилди.

Фракция депутатлари эътироф этганидек, давлат дастури 284 та банддан иборат бўлиб, унинг 163 та бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, 37 та қонун, 126 та Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Президентнинг Фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, 121 та чора-тадбирлар дастурлари ва бошқа ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Шунингдек, давлат дастури ижроси доирасида умумий қиймати 18,2 трлн сўм ва 10,3 млрд АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Депутатлар томонидан ҳисоботни кўриб чиқишда ҳукумат томонидан давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз муддатида ва пухта бажарилишини таъминлаш бўйича Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари ҳузурида мунтазам муҳокамалар ўтказиш тизими йўлга қўйилгани таъкидланди. Бу албатта далат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши эътироф этилди.

Фракция аъзолари ҳисоботни кўриб чиқишда, давлат дастурига бандма-банд тўхталишди. Хусусан, 2020 йилнинг биринчи чорагида 15 та топшириқлар, жумладан, 1 та қонун, 2 та Президент Фармони ва қарори, 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда 7 та бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Қайд этилганидек, мазкур топшириқлардан 8 та банд тўлиқ бажарилган, 2 та банднинг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган ва 5 та банднинг ижросини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Депутатлар, аввало, ижроси таъминланган бандларга эътибор қаратиб, аксарият вазифаларнинг бажарилмай қолаётгани ёки муддати узайтирилиган давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган омил дея баҳоланиб, эътирозларга сабаб бўлди.

Хусусан, депутатлар “Адолат” СДП мақсад ва ғояларига мос бўлган дастурнинг 57-банди яъни, юридик фан ва таълимни такомиллаштириш, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш бўйича вазифанинг бажарилмаганлигига эътибор қаратди. Мазкур банд бўйича Президент қарори лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва ҳукуматга киритилган. Ҳужжат лойиҳаси мукаммал бўлмаган ҳолда тайёрланганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан қайта ишланиши натижасида топшириқ ижроси кечикаётгани депутатлар эътирозига сабаб бўлди ва масъулларнинг ўзаро ҳамкорлиги етарлича таъминланмаган, дея баҳоланди.

Шунингдек, Дастурнинг 69-бандда белгиланган ахборот-коммуникация технологияларини модернизация қилиш орқали солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича вазифа ҳам бажарилмаганлиги муҳокамаларга сабаб бўлди. Бугунги кунда солиқ тизимига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этиш, инсон аралашувини олдини олишга қаратилган солиқ назоратини амалга ошириш, онлайн назорат ва электрон шакллар асосида солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш жараёнини автоматлаштириш долзарб аҳамият касб этаётган бир даврда вазифа ижросига жиддий ёндашиш кераклиги айтиб ўтилди. Айни бугунги кунда фуқароларимиз айниқса, тадбиркорларимизгша қулайлик яратишга қаратилган масалаларнинг ижобий ечимини топиш зарурлиги таъкидланди.

Фракция аъзоларининг ўринли эътирозига сабаб бўлган яна бир муҳим вазифа дастурнинг 188-бандида келтирилган 2020 йил учун аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш давлат дастурини ишлаб чиқишдир. Мазкур дастур фуқаролар бандлиги масаласида ўзига хос стратегия эканлигига аҳамият қаратилди. Дастур билан ҳудуд ва тармоқларни комплекс ривожлантириш ҳисобига камида 500 мингта доимий иш ўринлари яратилади. Шунингдек, 264 минг ишсиз шахсни бўш иш ўринларига жойлаштириш, 40 минг шахсни меҳнат бозорининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, 50 минг ўзини ўзи банд қилган шахсларни вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси билан таъминлаш белгиланганлигини инобатга олиб, дастур қанчалик тез қабул қилинса, фуқароларни қийнаётган бандлик масаласида тизим яратилишига хизмат қилади.

Шу кабилардан келиб чиқиб, фракция депутатлари томонидан давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, барча вазифалар бўйича муддатни кутиб ўтирмасдан хужжат лойиҳаларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш лозимлиги айтиб ўтилди. Бунда ҳар бир масъуллар ушбу дастур аввало, фуқароларни рози қилиш ва мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қаратилганлиги нуқтаи назаридан ёндашишлари зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида Вазирлар Маҳкамасининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг
2020 йил биринчи чораги давомида бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи фракция томонидан маъқулланди.

Анвар Эгамқулов

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+