“Фракция – марказ – вилоят – туман” тизими жорий этилди

28.07.2022 18:07:18

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси томонидан брифинг ўтказилди. Унда фракциянинг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти якунлари бўйича ОАВ ходимларига ахборот берилди.

Таъкидланганидек, фракция партия Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳалари ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари юзасидан партиянинг қўйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш тизими йўлга қўйилди. “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган тизим жорий этилди. Мазкур тизим орқали фракцияга тақдим этилган қонун лойиҳалари бўйича билдирилган фикр ва таклифларни муҳокама қилиш амалиёти жорий этилди. Натижада ҳисобот даврида 13 та қонун лойиҳаси бўйича партиянинг қўйи тизимидан 60 дан ортиқ таклифлар фракцияга тақдим этилди.

Ўтган давр мобайнида фракция томонидан қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 31 та йиғилиш ўтказилиб, уларда 168 та масала кўриб чиқилди. Бундан ташқари, фракция аъзолари томонидан сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларга жиддий эътибор қаратилиб, жойлардаги назорат-таҳлил тадбирлари, сайлов округларидаги ўрганишлар давомида аниқланган масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига 9 та депутат сўрови юборилди.

Ҳисобот даврида жойлардаги тизимли муаммолар, қонун ва қонуности ҳужжатларнинг ижро этилиш ҳолати юзасидан тегишли мансабдор шахсларнинг ахборотлари фракция мажлисларида доимий тарзда эшитиб борилди.

Қайд этилганидек, “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан ҳисобот даврида сайловчилар билан учрашувларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, фракция депутатлари ўтган даврда 2832 та хонадонга ташриф буюрди ва 1058 маротаба учрашув ўтказди. Уларда 16 029 нафар сайловчилар қатнашди. Шу билан бирга, 443 та ижтимоий соҳа объекти ҳамда 560 та маҳалла фуқаролар йиғинининг фаолияти ўрганилди.

Учрашувларда сайловчилар томонидан мамлакат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳаётининг турли соҳаларига оид бўлган 1656 та масала кўтарилди. Парламент вакиллари томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли томонидан кўтарилган масаланинг деярли 50 фоизи жойида ҳал этилди.

Шу билан бирга, фракциянинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ҳудудларда ўтказилган сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлари жараёнлари оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб борилди.

Ҳисобот даврида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракция аъзолари томонидан фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ифода этиш, жойлардаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларга ечим топиш, шунингдек, фуқаролар билдирган таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларга алоҳида эътибор қаратишди.

Брифингда фракция фаолияти юзасидан кенг ва атрофлича маълумотлар берилди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+