Марказий Осиё – Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий мулоқот ривожланмоқда

31.10.2022 16:10:29

Сир эмаски, сўнгги олти йилда Ўзбекистон Республикасининг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш ҳамда ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни изчил давом эттириш борасида бир қатор самарали мулоҳот ва сиёсат амалга оширилмоқда.

Жумладан, куни кеча Остона шаҳрида илк бор ташкил этилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги делегациялар раҳбарларининг мажлисида Марказий Осиё ҳамда Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий мулоқотни ривожлантириш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари томонидан минтақанинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигини изчил чуқурлаштиришга қартилган бир қатор устувор йўналишлар илгари сурилди.

Далатимиз раҳбари даставвал ўз нутқида Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас тус олган ислоҳотларнинг асосий устувор вазифаси самарали фаолият кўрсатадиган бозор механизмларига, юқори ҳаёт даражаси ва қулай турмуш шароитларига эга кучли ҳуқуқий давлатни барпо этишдан иборат эканини таъкидлади.

Шунингдек, эришган муваффақиятлар билан чекланмай янги ўзгаришлар кўламини янада кенгайтириш мақсад қилинганлиги, бу жараёнда энг аввало, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бош мақсад бўлиб қолиши айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, Давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиёда вужудга келган янги сиёсий муҳит ва имкониятларни тўғри баҳолаган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга доир комплекс масалаларни ҳал этиш зарурлигига алоҳида эътибор қартилди.

 Жумладан, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг Европанинг юқори стандартлари ва техник регламентларига мувофиқлигини таъминлаш, ҳозирги мавжуд чекловларни ҳисобга олган ҳолда ЕИ бозорларига чиқиш учун энг мақбул самарали транспорт-логистика коридорларини яратиш, энг аввало, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш ҳамда европалик истеъмолчилар ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари маҳсулотларининг танилиши ва харидоргир бўлиши учун қўшма маркетинг тадқиқотлари ҳамда мақсадли тадбир ва акциялар ўтказиш каби масалалар илгари сурилди.

Албатта, бугунги гиёсиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда  Европанинг юқори стандартлари ва техник регламентларига мувофиқ тавар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариб, янги бозорларга олиб чиқиш ҳар икки томон манфаатлари учун ҳам тўлақонли мос келдаи. Боиси, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларининг сифатли турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш салоҳияти кун сайин ортиб бормоқда. Бу жараённинг Европа Иттифоқи билан янада қулай шартлар асосида йўлга қўйилиш эса, бугун айрим минтақаларда юз бераётган озиқ-овақт занжиридаги узилишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Бу жараёнда эса, Бош вазир ўринбосарлари даражасида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этиш ҳамда “Global Gateway” ташаббусининг мақсад ва вазифаларини қамраб олган ҳолда Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастур ишлаб чиқилиши белгилаб олинган мақсад ва вазифаларни ўз ўрнида якуниа етказиш имконини беради.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари Европа томонини минтақамизда қабул қилинган «Яшил кун тартиби» дастурини амалга оширишда фаол иштирок этишга, жумладан, эко-инновациялар, энергия самарадор ва ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, «Smart-AKIS» Европа тармоғи ёрдамида «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбалари имкониятларини ишга солишга чақирди.

Шунингдек, 28 октябрь куни Европа кенгаши Президенти Шарль Мишелнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлаш ва уларни янада чуқурлаштириш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олинди.

Томонлар халқаро ишларда ва икки томонлама муносабатларда БМТ Устави ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф қилинган нормаларига қатъий риоя қилишларини, ҳамкорликни тенг ҳуқуқлилик, ўзаро англашув ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойиллари асосида қўллаб-қувватлашлари ва ривожлантиришларини таъкидладилар. Ва якунда минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

 

Музафара Абдиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+