Осиё қитъасининг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

14.10.2022 15:10:43

Муносабат

13 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (ОҲИЧК) навбатдаги саммити бўлиб ўтди.

Бу сўнгги бир ойда Марказий Осиё давлатлари мезбонлик қилаётган иккинчи нуфузли форум эканлиги билан янада аҳамиятлидир. Сабаби, ушбу икки форум доирасида бугун дунёда юзага келаётган янги геосиёсий воқелик жараёнларида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган дунё етакчилари бир даврада жамланиб, Осиё қитъаси ҳамда унга туташ бўлган минтақа давлатлари тараққиётига хизмат қилувчи масалаларда ўзаро фикр алмашдилар.

Бугунги кунда 28 та давлат аъзо бўлган, яна 9 та мамлакат ва 5 та халқаро ташкилот кузатувчи мақомига эга ОҲИЧКнинг Остона самитида 50 га яқин аъзо мамлакатлар ва кузатувчилар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар делегациялари иштирок этди.

Саммитда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев дунёда рўй бераётган бугунги вазиятга баҳо бериб, халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишонч мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётганлиги, инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилиб, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни секинлаштираётганлигига эътибор қаратди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан минтақа ва кенгашга аъзо давлатлар тараққиётини таъминлаш, ташкилот доирасида фаолликни оширишга қаратилган олтита ташаббус илгари сурилди.

Жумладан, биринчи ташаббус – Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборни талаб қилиши, бугун дунёда рўй бераётган бошқа ўткир халқаро муаммоларнинг қалқиб чиқиши натижасида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолаётганлиги таъкидланиб, Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Сир эмаски, Ўзбекистон раҳбари томонидан доимий равишда халқаро ва минтақавий даражадаги анжуманларда жафокаш афғон халқи турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклашда эътибор ва ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган ташаббуслар илгари суриб келинади.

Сабаби, ушбу давлатда ўрнатилган тинчлик ва хотиржамлик нафақат афғон халқи, шу билан бирга, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ҳамда минтақа тараққиёти учун муҳим саналади. Буни биргина,  “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” транс-афғон темир йўл лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Лойиҳанинг амалга оширилиши бутун минтақа давлатлари иқтисодиёти билан бир қаторда ўзаро дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланиши, бугун дунёда глобал муаммолардан бири бўлиб бораётган озиқ-овқат занжирининг узлуксиз таъминланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, давлатимиз раҳабри томонидан илгари сурилган яна бир – ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатиш ташаббуси ҳам бугун алоҳида эътибор талаб қилиниши лозим бўлган масала ҳисобланади.

Боиси, бугун бундай оқимлар домига тушиб қолган ёшларимиз нафақат ўзлари, шу билан бирга, тенгдошларининг ҳам умрига зомин бўлишмоқда. Шунингдек, уларнинг ёт ғоялар таъсирида қилган хатти-ҳаракатлари ўзаро дўст ва қардош ҳисобланган халқ ва давлатлар ўртасидаги дўстона алоқалар ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу боис, Президентимиз томонидан Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйиш таклиф қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Осиё мамлакатлари иқтисодиётини глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослаштириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, иқтисодиётларимиз глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослашувига эришиш мақсадида протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик қайд этилди. Шунингдек, Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни, биринчи галда, ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш ҳисобига кучайтириш муҳим эканлиги таъкидланди.

Тўртинчи ташаббус – жаҳон саноат инқилобининг янги босқичига ўтишнинг асоси бўлган билимлар иқтисодиётини инновациялар трансфери салоҳиятини янада тўлиқроқ ишга солиш, рақамлаштиришни фаол рағбатлантириш, "булутли" технологиялар, сунъий интеллект, "буюмлар интернети"ни ривожлантириш каби йўналишлар доирасида амалга ошириш таклиф этилди.

Умуман олганда, Президентимиз томонидан озиқ-овқат инқирозининг оқибатларини бартараф этиш, экология ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда мамлакатларимизни жадал кўкаламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш каби масалалар юзасидан ҳам таклифлар билдириб ўтилди.

Хулоса қилиб айтган, бу каби ташаббусларнинг ташкилот фаолияти доирасида татбиқ этилиши, бугун юзага келган янги геосиёсий воқелик даврида бутун Осиё қитъасининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Маҳфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+