Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ришталари дунёга намуна бўлмоқда

27.12.2022 14:12:56

Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиё минтақасидаги аҳолиси энг кўп, табиий ресрурслари, иқтисодий қувват захираси катта бўлган, тарихи ва маданияти муштарак мамлакатлардир. Бугунги тарихий жараёнларда ўзбек ва қозоқ халқларининг янада аҳил бўлиб, дўстлик, қардошлик ришталарини ҳар қачонгидан-да мустаҳкамлаб бораётганлиги барчамизни қувонтирмоқда.

Сўнгги беш-олти йил ичида минтақанинг икки етакчи давлатлари бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон дунёга очилди, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотлар марказларига айланди. Буни биргина, шу йилнинг куз фаслида, икки мамлакат ҳудудида бўлиб ўтган халқаро даражадаги тадбирлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Умуман олганда, икки мамлакат ўртасидаги ришталар кун сайин тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, кейинги олти йилда ҳамкорликнинг барча йўналишларида сезиларли муваффақиятларга эришилди. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасидаги мулоқотлар мунтазамлик касб этиб келмоқда. Ўзаро савдо ҳажми жадал ривожланиб, қариб 5 миллиард долларга етди.

Жорий ҳафтада  Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг мамлакатимизга қилган расмий ташрифи эса, ушбу қардошлик алоқалари ришталарини ҳамда манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Боиси, икки кунлик ташриф давомида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, йирик компаниялари даражасида кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 15 та ҳужжат қабул қилинди.

Марказий Осиё” Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш тўғрисида, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида, Олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, 2000 йил 7 июлдаги Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома шулар жумласидандир.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ушбу ташрифнинг энг муҳим ҳужжати бўлган тарихий ҳужжатлар бу – Иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида шартнома ва Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартномалардир. Ушбу шартномалар нафақат икки мамлакат аҳолиси фаровонлигига шу билан бирга, бугун дунёда рўй бераётган геёсиёсий тортишув ва тарангликлар кучаяётган бир даврда ҳар қандай зиддиятни мушоҳада ва ҳамфикрликда ҳал этиш мумкинлигини ифода этганлиги билан янада қадрлидир.

Шунингдек, икки кунлик ташриф доирасида стратегик ислоҳотлар, электрон савдони ривожлантириш, ўрмон хўжалиги, давлат хизмати соҳаларида меморандумлар, Тошкент ва Туркистон, Навоий ва Қизилўрда, Жиззах ва Туркистон вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “йўл харита”лари, энергетика, кимё саноати, транспорт ва логистикада лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар қабул қилинди ва жами 8 миллиард долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзоланди.

Хулоса қилиб айтганда, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган олий даражадаги бундай учрашув ва самимий мулоқотлар самарали ҳамкорлик ривожига асосий туртки бераётгани шубҳасиздир.

 

Мавлуда Адхамжонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+