Ўзбекистон — Венгрия: ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқади

07.10.2022 23:10:31

Венгрия Ўзбекистоннинг Европадаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланиб келаётган дўст давлатлардан бири саналади. Хусусан, Ўзбекистон-Венгрия ўртасидаги муносабатлар истиқболи 30 йиллик тарихга эга бўлиб, икки томонлама ўзаро дипломатик алоқалар 1992 йил 3 мартда йўлга қўйилган.

Ҳозирда давлатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар ҳамда парламентлараро алоқалар йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Куни кеча давлатимиз раҳбари расмий ташриф билан Венгрияга борганлиги икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар ривожида янги даврни бошлаб берди, десам асло муболаға бўлмайди.

Хусусан, ташриф давомида бир қатор расмий учрашув ва муоқотлар ўтказилди. Дастлаб Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашуви бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, сиёсий мулоқот чуқурлашиб, ўзаро кўмак давом эттирилаётгани, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайт этиб ўтишди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экани қайд этилиб, кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошгани таъкидланди. Бунда Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ва 3 октябрь куни Будапештда иккинчи йиғилишини ўтказган Ўзбекистон-Венгрия Ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутаётганлиги таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекистон – Венгрия бизнес форуми доирасида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоланди. Форум якунида илгари сурилган барча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар ва масъул ижрочилар кўрсатилган комплекс “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Сир эмаски, сўнгги вақтларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев хорижий давлатларга расмий ташрифлари давомида ушбу мамлакатда истиқомад қилиб келаётган ўзбекистонликлар билан самимий мулоқот қилиши, ташриф буюрилган мамлакат ишбилармон доира вакиллари билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожалнтиришга қаратилган учрашувларнинг ўтказилиши анъана тусига кириб улгурди. Бугал ҳам давлатимиз раҳбари Будапешт шаҳрида Венгриянинг етакчи компания ва банклар раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Тадбирда Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь, Савдо-саноат палатаси раиси Ласло Парраг, “OTP Bank” раиси Шандор Чаньи, шунингдек, “Gedeon Richter”, “Bonafarm”, “Wizz Air”, “Raba Holding”, “Meditop”, “Master Good”, “Kite” каби йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорация раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда бевосита алоқаларни йўлга қўйиш, мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий йўналишдаги муваффақиятларини илгари суриш, чет эл сармоядорларини ўзаро манфаатли лойиҳаларга жалб этиш, жумладан, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электроника ва электротехника, кимё, тўқимачилик, чарм тармоқлари ва автомобилсозлик каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этилиши ва уни тез фурсатда ишга туширилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонасини яратиш ва уни барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш таклиф этилди. Бўлажак қўшма лойиҳалар ҳамда уларнинг доирасида венгриялик шерикларнинг илмий ишланмалари, конструкторлик инновациялари ва технологияларининг ўзлаштирилиши катта синергетик самара бериши эътироф этилди.

Шунингдек, ташриф доирасида Будапештдаги “Кармелита” саройида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашувлари ўтказилди. Мулоқот давомида Ўзбекистон – Венгрия стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, сўнгги йилларда турли даражалардаги мулоқотлар фаоллашгани, самарали сиёсий ва парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, савдо-иқтисодий ҳамда инвестиция соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Томонлар ўзаро имтиёз ва преференциялар тақдим этиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватлар яратиш ва шу орқали МДҲ, Шарқий ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорларига чиқиш имконияти кенгайишини эътироф этишди.

Ташриф давомида эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар.

Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон – Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур, Фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳамда Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режалари каби 15 та ҳужжат имзоланди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида парламентлараро алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Венгрия Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи, Венгрия Миллий Ассамблеяси Спикери ўринбосари Ш.Лежаком бошчилигида Венгрия-Ўзбекистон парламентлараро дўстлик гуруҳи ташкил этилган бўлиб, айни кунда икки томонлама дўстлик гуруҳлари томонидан парламентлараро ҳамкорликнинг барча имкониятларидан самарали фойдаланилиб, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ташриф давомида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар, илгари сурилган ташаббуслар давлатлар ўртасидаги иқтисодий, маданий ҳамда парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

 

 

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+