Қадимий Самарқанд - дунё нигоҳида

19.09.2022 17:09:28

Мана, ШҲТаъзо давлатлар раҳбарларининг олий даражадаги саммити ўз ниҳоясига етди. Шу билан Ўзбекистоннинг ШҲТда раислиги даври ҳам тугади. Энди 2022-2023 йилларда ташкилотга  Ҳиндистон раислик қилади.  Ушбу мамлакат ШҲТга 2017 йилда  аъзо бўлиб кирган бўлиб, биринчи марта раислик қилади.

Куни-кеча бир гуруҳ талаба ёшлар мендан Самарқанд саммити ҳақида хулосаларимни сўрашди. Мен қуйидагиларни айтдим:

1)Самарқанд Саммити мамлакатимизнинг янги тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйишга арзигулик, том маънода тарихий воқеа бўлди. Мустақиллик йилларида юртимизда халқаро аҳамиятга молик кўплаб анжуманлар ўтказилган бўлса-да, лекин уларнинг бирортаси ҳам ўз долзарблиги, кўлами, иштирокчилар сони,  мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари жиҳатидан ШҲТнинг Самарқанд саммитига бас келолмайди.

2)  Самарқанд Саммити, шубҳасиз, Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган янги Ўзбекистон дипломатиясининг энг катта ютуғидир. Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон дипломатияси сифат жиҳатидан мутлақо ўзгарди. Саммитнинг юксак савияда ташкил этилгани ва юқори нотада ўтказилгани, шак-шубҳасиз, мамлакатимизнинг халқаро имиджига ижобий таъсир кўрсатди ва унинг минтақавий держава сифатида эътироф этилишига сабаб бўлди. Эндиги вазифа – ана шу эришилган мавқени сақлаб қолиш ва ҳар томонлама мустаҳкамлашдан иборат.

3) ШҲТ Саммити Самарқанд шаҳрининг халқаро ва минтақавий аҳамиятини янада юксалтирди ва уни жаҳон конгресслари маркарига айланишига катта ҳисса қўшди. Маълумки, бу кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар азал-азалдан тарихий учрашувлар ва цивилизациялар мулоқоти маскани бўлиб келган. Самарқанд саммитига тайёргарлик асносида бу ерда тарихий улуғворлик ва замонавий декор уйғунлигида юксак дид билан барпо этилган бетакрор объектлар (аэропорт, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар, конгресс марказлар ва бошқ.) бундан буён ҳам мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ва дипломатик ташаббусларини илгари суриш учун ўзига хос платформа вазифасини ўтайди.

4)Саммит ишининг кенг ёритилиши, кучли ахборот таъминоти ҳам унинг мувафаққиятини таъминлаб берган омиллардан бири бўлди. Айниқса, Саммит арафасида Президентимизнинг дунёдаги ҳозирги мураккаб, таликали жараёнлар ва унда ШҲТнинг тутган ўрни ҳақидаги мақоласининг қатор хорижий мамлакатлар етакчи ОАВларида эълон қилиниши жуда катта самара берди. Мақолада бутун инсониятни хавотирга солаётган умумбашарий муаммолар шунчаки санаб ўтилмасдан, балки уларнинг ечимлари ҳам таклиф этилган. Энг мақбул ечим сифатида дунё мамлкатлари ўртасида КОНСТРУКТИВ МУЛОҚОТ ВА ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК ғояси илгари сурилган бўлиб, бу эса мамлакатимиз замонавий ташқи сиёсатининг мазмун-моҳиятини тўлиқ акс эттиради.

Бир сўз билан айтганда, Самарқанд саммити жуда мувафаққиятли якун топди. У ШҲТ фаолиятида янги тарихий даврни бошлаб берди. 

Қодир Жўраев,

Олий Мажлис Қонунчилик палаьаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+