Қонун лойиҳаси билан қандай ўзгаришлар бўляпти?

23.08.2022 09:08:14

2022 йил йил 22 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига волонтёрлик фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда волонтёрлик ишлари дунё бўйлаб жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Бу ҳолат биринчи навбатда жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан боғлиқ. Давлатнинг волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаши нафақат муҳтожларга самарали ёрдам беришга, балки бутун жамият тараққиётига ҳисса қўшади. Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалардан асосий мақсад — волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органини белгилашдан иборат.

Қонун лойиҳаси билан Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланмоқда. Унинг ушбу йўналишдаги ваколатлари ўз аксини топмоқда. Шу билан бирга, давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси ташаббускорлари қайд этишича, лойиҳанинг амалиётга жорий этилиши Ўзбекистон Республикасида волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органини белгилашга, бу орқали давлат органлари, бошқа ташкилотларга волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш бўйича услубий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиш, давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотларнинг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиришга олиб келади.

Давлат бошқаруви органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги аниқ ваколатлари назарда тутилаётганлиги соҳани тартибга солиш ва ривожлантиришга қаратилган ваколатларни тизимлаштириш, волонтёрлар фаолиятини рағбатлантириш ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод туманининг, шунингдек Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳаси муҳокама марказида бўлди.

Маърузада таъкидланганидек, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Наманган шаҳрида “Янги Наманган шаҳарчаси” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Мазкур ҳужжат Наманган шаҳрининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш, шаҳарнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш ҳамда сервис хизматлари турини, сифатини оширишга хизмат қилади. Депутатлар қарор лойиҳасини бир овоздан маъқулладилар.

Йиғилишда “Давлат молиявий назорати тизими ҳамда беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Муҳокама этилган қонун ва қарор лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+