Самарқанд саммити: тараққиёт, бирдамлик йўлидаги ҳамкорлик

19.09.2022 10:09:01

Самарқандда шу йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 22-саммити ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган ҳамкорлик ва ҳамфикрлик асосида юқори натижалар билан ўз ишини якунлади.

ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон раислигида халқаро ташкилот фаолияти самарали бўлганлиги алоҳида кайд этилди. Албатта бу давлатимизга бўлган ишонч ва иштирокчи ва бошқа кўплаб мамлакатлар билан ўзаро ишончли ва самарали кўп тамонлама алоқаларнинг натижаси эканлигидир.

Самарқанд саммити доирасида 44 та ҳужжат — битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот фаолияти тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Самарканд саммити – ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал тамаддунлараро мулоқотга жалб қилиб, ҳурмат ва ўзаро манфаатдорликка асосланган муносабатларни барқарор ривожланишига замин бўлади.

Ушбу имзоланган хужжатлар тинчлик, осойишталик, барқарор иқтисодий ривожланишни ўз олдига мақсад қилиб, ШҲТ га аъзо давлатлар ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, самарали транспорт йўлакларини яратиш, "ақлли" қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик концепциялари, қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш, шунингдек ҳудудлараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси ва юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ҳамкорлик қилиш бўйича "йўл харитаси" каби муҳим ҳужжатларни имзолашди.

Таъкидлаш жоизки, ШҲТ ҳамкорлиги қисқа вақт ичида ёш институт бўлишига қарамасдан ўзининг жипслиги, минг йиллик Буюк Ипак йўлидаги савдо-иқтисодий маконни тиклаганлиги, географик ва этнографик жиҳатдан манфаатлари муштараклиги, ҳар қандай муаммога фақат тинчлик йўли орқали оқилона ечим топиши билан эътибор қозонди.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг иқтисодий институционал ривожланишини қўллаб-қувватлаб, истиқболли ғояларини тарғиб қилиб келмоқда.

Саммитнинг муҳим воқеаларидан бири Эроннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш бўйича мажбуриятлар тўғрисидаги меморандумни имзолаши бўлди. Ҳужжатни Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва ташкилот бош котиби Чжан Минг имзолади. Меморандумда назарда тутилган барча мажбуриятларни бажаргандан сўнг, Эрон ШҲТнинг тўлиқ аъзосига айланади.

Бундан буён турли иқтисодий, савдо, транзит ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйилди. Эроннинг минтақадаги қудратли ва барқарор давлат сифатидаги мавқеи ШҲТ учун муҳимдир албатта. Эроннинг иштирокчи давлатлар гуруҳига кириши Шанхай ҳамкорлик ташкилотини мустаҳкамлайди.

Ташкилот ўз бағрига тўрт ядровий давлатни, қадимий тамаддунга эга ўлкаларни, маълум келишмовчилиги бор ва муҳими уларни ҳал қилишга тайёр мамлакатларни сиғдира олди. Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга аъзо бўлгач, баъзи “мутахассислар” ШҲТ йўқолиб кетишини башорат қилишди.

Бинобарин, бундай кескин баёнотларга қарши ўлароқ, “Шанхай саккизлиги” давлатлараро ҳамкорликни, ҳатто, мавжуд ўзаро зиддиятлар шароитида ҳам нафақат сақлаб қолиш, балки ривожлантириш мумкинлигининг бетакрор намунасига айлана олди.

Мазкур саммитда таъкидланган Буюк Ипак йўли бўйлаб туристик инфратузилмаларни кенг кўламда ривожлантириш, янгиларини ишга тушириш сайёҳлик соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишнинг самарали платформаси бўлиши табиий. Шу мақсадда келгуси йилни Шавкат Мирзиёев “ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили” деб эълон қилишни таклиф берди. Шу куни “Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги битим ҳуқуқий кучга кирди.

Олий даражали раҳбарлар саммитида минг йилларки, етти иқлимда довруқ таратиб келган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд бирдамлиги ташаббуси тақдим этилиши, Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган улкан лойиҳалар, самарадор таклифлар ва дастурлар “бир макон-бир йўл”да бирлашган давлатларни том маънода ижтимоий-иқтисодий, хавфсизлик жиҳатдан барқарор ривожлантиради.

Умуман олганда, юксак савияда ўтказилган мазкур халқаро анжуман Ўзбекистоннинг ҳалқаро ҳамкорлик борасидаги муносабатларини, халқаро ҳамжамият ўртасидаги нуфузини янада юқори босқичга кўтарди.

 

 

 

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+