Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун

31.10.2022 16:10:26

Саломатлик инсоннинг бирламчи эҳтиёжи ва истаги саналади. Сўнгги йилларда ушбу соҳани янада ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилаётгани боиси ҳам шунда.

Хусусан, тиббиётга ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилиб, биргина 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 28 триллион сўм йўналтирилди. Бу маблағ 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп.

Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Шу даврда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларга қилган сафарлари чоғида ҳам доимий равишда тиббиёт масканларига ташриф буюриб, шифокорлар ва у ерда даволанаётган беморлар билан яқиндан мулоқот қилиши анъанага айланиб улгурди.

Президентимизнинг жорий йил март ойида мамлакатимизда илк бор тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти чоғида бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, тез тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш, соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш, шифохоналарни малакали кадрлар билан таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш ҳамда касалликларнинг олдини олишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш белгилаб олинган эди.

Ўтган вақт мобайнида соҳани тараққий этишига хизмат қилувчи бир қатор ҳуқуқий нормалар қабул қилинди. Тиббиёт соҳасидаги энг устувор вазифалардан бири малакали тиббий хизматларнинг ҳар бир хонадонга кириб боришини таъминлашга қартилган чора-тадбирлар амалга оширилди.

Президентимиз Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари фаолиятини яқиндан ўрганиб, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳани ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Ҳақиқатдан ҳам, бугун тиббиёт соҳасидаги энг устувор вазифалардан бири малакали тиббий хизматларнинг ҳар бир хонадонга кириб боришини таъминлашдан иборат. Шу боис, жорий йилда янги 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, 1000 та маҳаллада тиббиёт пункти ташкил этилди. Бу орқали 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди.

Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди. Шунингдек, 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига УЗИ ва ЭКГ ускуналари етказиб берилди. Оилавий поликлиникаларда 19,5 мингта кундузги шифо ўринлари ташкил этилди. Натижада 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди.

Албатта, аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш йўналишига бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Сабаби март ойида ўтказилган очиқ мулоқот жараёнида билдирилган 25 мингдан ортиқ таклифларнинг 55 фоизи айнан бирламчи тиббиёт муассасалар фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар эди.

Йиғилишда галдаги амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга эътибор қаратиларкан, бирламчи бўғинни маҳаллагача тушириш бўйича бошлаган ислоҳотлар самарасини ошириш лозимлиги айтилиб оилавий поликлиникалардан 10 километр узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада тиббиёт пунктларини ташкил қилиш ишларини жадаллаштириш топширилди.

Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига шифокорларга бўлган эҳтиёж юқорилиги инобатга олиниб “Қишлоқ шифокори” дастури қабул қилинган эди. Бу ҳудудларда ишламоқчи бўлган шифокорларга 30 миллион сўм пул маблағи ажратилиши белгиланиб, бунинг учун жорий йил бюджетдан 20 миллиард сўм ажратилди.

Ҳозирги кунга қадар “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда 191 нафар шифокор иш бошлади. Яна 171 та бўш ўринни тўлдириш вазифаси қўйилди. Шифохоналарда туғруқ ўринларини кўпайтириш, республика бўйича 46 та туманлараро перинатал марказни ташкил этиш ишларини тезлаштириш топширилди.

Умуман олганда, йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси сўзсиз таъминланиши натижасида аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ошади. Энг муҳими, халқнинг розилигига эришилади.

 

 

 

Олтиной МАМИРОВА,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+