Вазирликлар фаолиятини баҳолашда очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезон бўлади

22.12.2022 09:12:08

Бугунги таҳликали ва ҳар дақиқада ўзгариб борувчи дунёда янгича қараш, янги ғоя ва стратегияларсиз тараққиётга эришиб бўлмайди. 2017 йилдан буён Давлатимиз раҳбари томонидан Парламент ва халқимизга Мурожаатнома йўллаш амалиёти йўлга қўйилганлиги эса, ана шундай стратегияларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этишда айни муддо бўлмоқда.

Бу йилги Мурожаатномада ҳам Давлатимиз раҳбари  йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби билан биргаликда, 2023 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган мақсад ва вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди. Айтиб ўтилган, мақсад ва вазифалар ҳамда 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб номлананиши, келгуси йилда ҳам инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш устувор мақсад бўлиб қолишини кўрсатмоқда.

Хусусан, Мурожаатномада айтиб ўтилган маъмурий ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши, вазирликлар ислоҳ қилиниб, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгартирилишига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Бу жараёнда, энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тага камайтирилиши маълум қилинди.

Тан олиб айтиш керакки, ҳақиқатдан бугун айрим йўналишларда бир бирини вазифа ва функцияларини такрорловчи, ижобий натижага келганда ўз иши самараси эканлигини айтиб мақтансада, бевосита фуқаролар ҳаётига дахлдор муаммоларни ҳал этишда ушбу вазифаларни ўзидан соқид қиладиган идоралар ҳам йўқ эмас.

Бундай ҳолат эса, бошқарувнинг марказлашуви натижасида, фуқароларга ўз муаммоларини ҳал этишда сарсонгарчилик туғдириш билан бир қаторда, давлат бюджетидан ортиқча маблағларнинг сарф бўлишига, тизим фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қиладиган қонун ва қарорларнинг ўз вақтида ижро этилмаслигига олиб келмоқда.

Шу боисдан, Мурожаатномада Давлатимиз раҳбари эндиликда ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилишини айтиб ўтди.

Шу билан, бирга амалда фаолият кўрсатиб келаётган вазирлик раҳбарларининг ўз лавозимига лойиқлик масаласи ҳам қайта кўриб чиқилади. Кўп вазирлар ўзгаради. Бундай ўзгариш бевосида биз парламент аъзоларига катта масъулият юклайди. Сабаби, сўнгги йилларда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар сабаб, ҳар бир ҳукамат аъзосини лавозимига тайинлаш ва лавозимига лойиқ ёки лойиқ эмаслигини кўриб чиқиш ваколати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси зиммасига ўтказиб берилган.

Шу боисдан, энди Ҳукамат аъзоларини лавозимига тайинлаш масаласини кўриб чиқишда номзоднинг ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва фаолияти орқали халқни рози қила олиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

Янабир ижобий ўзгариш давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқартирилиб, иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилишидир. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг янада юксалишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти оширилади. Бунга мос равишда жавобгарлиги ҳам кучайтирилади. Уларга аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун етарли ваколат ва маблағ ажратиб берилади. Якунда эса, вазирликлар фаолиятида очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезон бўлади.

 

Махфират Хушвақтова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+