Янги Самарқанд: Ер юзининг сайқали

27.08.2022 15:08:33

Куни кеча мамлакатимизда асрга татигулик кун бўлди, десам асло муболаға бўлмайди. Чунки Самарқанд заминида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази очилди. “Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс холл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлар замонавий туризмни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳташам бир марказни ташкил этади. Ушбу марказ Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг юқори малакали мутахассисларидан иборат халқаро жамоа билан тузилган самарали ҳамкорлик натижаси бўлди.

Қалбларимизни чексиз шодликка тўлдирган нарса шуки, ушбу муҳташам мажмуа ўзининг ичида юксак маънавиятни, гўзал мазмун-моҳиятни жам этган. “Боқий шаҳар” ансамблида жойлашиб, қадимий услубда акс этган 40 та ҳунармандлик устахонаси мамлакатимизнинг 14 та ҳудудига хос хусусиятларни ифода этган бўлиб, ҳар бири бетакрор дурдонадир.

Эндиликда, ушбу устахоналарда меҳнат жараёни қизғин бўлади, ижодий муҳит ўзининг авж палласига кўтарилади. Қўли гул усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, ипак қоғоз ишлаб чиқариш, заргарлик ва гилам тўқиш жараёнлари орқали сайёҳларнинг кўз ўнгида яратувчилик жараёнини намойиш этадилар, қизиқарли маҳорат дарсларини олиб борадилар.

Бунда юртимиз меҳмонлари давлатимиз маданияти ва санъатининг нодир қадриятлари бўлмиш Риштон кулолчилиги, Бухоро зардўзлиги, Қорақалпоқ ўтови, Марғилон атласи каби ҳунармандчилик маҳсулотларининг яратилиш жараёнидан бахраманд бўлиб, амалий санъат дурдоналарини ўзлари учун эсдалик сифатида олиб кетишлари ҳам мумкин бўлади. Зеро, гўзал экзотик жараённинг гувоҳи бўлиш инсон учун унутилмас таассурот ва завқ беради.

Юқорида таърифланган гўзал муҳит нафақат юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун, балки ўзимизнинг аҳоли, хусусан, санъатга ошуфта бўлган юртдошларимиз учун ҳам улкан маънавий озуқа манбаидир. Бинобарин, усталарнинг меҳнат жараёнига гувоҳ бўлган ёшларимиз ҳунармандчилик соҳасига ошно бўлиши, бу жараёнга мойиллик билдирганлар амалий санъатнинг бирон бир турини ўзи учун ҳунар қилиб эгаллашига катта имкониятлар яратилмоқда. Бир сўз билан айтганда, “Боқий шаҳар” мажмуаси ўзбек ҳалқ амалий санъати ва ҳунармандчилиги борасида ўзига хос мактаб бўлиб қолиши шубҳасиз.

Бу улкан марказ буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиради. Зеро, ундаги нақшу нигорларни томоша қилар экансиз, қадимдан бизгача етиб келган Тиллакори, Шердор мадрасалари, шунингдек Афросиёб меъморий обидаларида акс этган гўзал тасвир ва манзараларни кўришимиз мумкин. Ушбу гўзалликка гувоҳ бўла туриб, қадимда ўз ривожининг юксак маҳорат поғонасига кўтарилган ҳунармандчилик анъаналари бугунги кунда ҳам усталаримиз ижодида яшаб келаётгани қалбларимизни чексиз бахт ҳисси билан лиммо-лим этди.

2022 йил 23 август том маънода унутилмас кун бўлиб қолар экан, кечки пайт янги барпо этилган амфитеатрда намойиш этилган мусиқий-саҳнавий томоша тингловчиларни буткул ўзига мафтун этди.

Аввало, томошанинг бадиий-ғоявий семантикаси шарқона услубда акс этиб, замонавий санъатнинг сўнгги илғор тенденциялари асосида саҳнага олиб чиқилди. Самарқанд заминида 40 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилиб, унда илму-фан, маданият, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириб, ўзбек давлатчилиги тарихида ёрқин из қолдирган буюк Мирзо Улуғбек бунёд этган расадхона биноси декорацияси мусиқий-саҳнавий томошанинг асосини ташкил этди. Унда юз берган воқеа-ҳодисалар, жаҳон тамаддунига асос бўлган ғояларнинг туғилиши ва тараққий этиши, маданият ва санъатнинг гуллаб яшнаши билан боғлиқ жараёнларнинг буткул янги бадиий услуб ва ижодий воситалар орқали ўз ифодасини топди. Яъни, ҳар бир бадиий элемент тингловчини фикрлашга, ўзининг билим ва тафаккурига таянган ҳолда янгича тасаввур қилишга ундайдиган муҳитни яратиб берди.

Томошада катта ўринни эгаллаган хореография шу пайтгача ўзбек санъатида камёб бўлган замонавий ифода воситалари орқали акс этиб, ғоянинг бадиий ифодасига янада мукаммаллик бахш этди. Шунингдек, томошада муҳим вазифани бажарган симфоник оркестр, миллий чолғулар ансамбли, хонандалар ва хор жамоасининг ўрни беқиёсдир. Зеро, томошанинг бадиий баркамол бўлиб ифода топишида жонли мусиқий ижронинг қатнашуви мусиқий-саҳнавий асарнинг қадр-қимматини юксакларга кўтарди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон байрам ва тантаналар юрти. Юртимизда йил сайин катта муваффақият билан ўтаётган маданий-маърифий тадбирларнинг савияси юксак. Аммо кеча “Буюк ипак йўли” мажмуасининг амфитеатрида намойиш этилган томоша бутунлай бошқача бўлди. Уни томоша қилар эканман, Янги Самарқанднинг барпо этилиши билан бирга ўзбек санъатига янги замонавий тенденцияларнинг ҳам кириб келиб, халқимизнинг онгу шуурида фикр-мулоҳаза қилишнинг янги босқичини белгилаб берганига гувоҳ бўлдим. Бу ҳолни кўриб, қалбим фахру ифтихор билан тўлиб тошдики, энди Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйишимиз учун бизда барча воситалар етарли.

 

 

 

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+