Юксак билим тараққиёт гарови

23.12.2022 17:12:17

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига муҳтарам Президентимизнинг бу йилги мурожаатномасида дастлаб якунига етаётган ва бутун дунё ҳамжамияти учун оғир кечган йил сарҳисоби, глобал пандемия ва унинг асоратлари сабабли юзага келган мураккаб вазиятда мамлакатимизда олиб борилган ишлар, эришилган натижалар ва олдимизда турган долзарб муаммоларимиз ҳам бирма-бир, аниқ содда тарзда таъкидланди.

Жорий йилда мураккаб вазиятга қарамасдан мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқариш суръати ўсиши таъминланиб, кўплаб йирик ва кичик ишлаб чиқариш объектлари янгидан ишга туширилиши, ялпи ички маҳсулот ўсиши таъминланишига хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.

Шундан сўнг келгуси йилда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар дастури бирма-бир баён этилди.

Хусусан бундан кейин таълимга, унинг сифатига эътибор асосий вазифамиз бўлиши, бу борада жойларга чиққан ҳолда ҳурматли устозларимиз, ўқитувчилар билан юзма–юз учрашиб улурнинг қимматли маслаҳатлари асосида ислоҳотларимизни давом эттириш энг тўғри йўл эканлиги таъкидланди.

Шунингдек мурожаатда ҳудудларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши, солиқ солиш борасида адолатли тизим жорий этилиши айтилиб, Республика ҳудуди 5 та тоифага кирувчи туманларга ажратилиб, тадбиркорлар учун ҳудуд шароитидан келиб чиққан ҳолда табақалаштирилган солиқ ставкалари белгиланиши ҳам адолатли қарор десак тўғри бўлади. Сабаби ҳар хил шароитда фаолият олиб бораётган бир хил фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар маҳсулотлари таннархи хар хил бўлсада, маҳсулот сотиш имконияти тенг бўлмасада бир хил ставкада солиқ тўлаши албатта адолатли бўлмайди.

Келгуси йилда экспортга маҳсулот чиқарувчи корхоналар учун бугунги кунда энг долзарб бўлган тайёр маҳсулотлар сотиш, экспортга чиқариш юзасидан чет элларда савдо уйлари ва дўконлар очишга кенг имкониятлар яратилиши, божхона тартиб таомиллари 9 босқичдан 3 босқичгача туширилиши, экспорт ҳажмини 2023 йилда 23 млрд.долларга етказишга ва мамлактимизнинг экспорт салоҳияти янада ортишига хизмат қилади деб ҳисоблайман.

Таъкидлаш лозимки мазкур мурожаатномада ҳар бир соҳада амалга ошириладиган аниқ вазифаларни белгилаб берилди. Бу ўлкан марралар, эришилаётган ютуқлар аввало эл-юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилишига ишончим комил.

 

Абдуғани УМИРОВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+