Жалолиддин Мангуберди — миллий юксалиш рамзи

30.08.2022 11:08:46

Бугун Кўҳна Хоразмнинг Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бунёд этилган ушбу мажмуа бугунги кунда ўзбек давлатчилигининг тарихи, мамлакатимизнинг мустақиллиги учун курашган тарихий шахсларимизнинг мардлиги ва эл-юртга бўлган садоқати рамзи сифатида шаҳар марказини чуқур мазмун-моҳият билан тўлдирди.

Дарҳақиқат, Султон Жалолиддин жанговар фаолияти билан нафақат ўз юртини, балки дунёдаги ўнлаб мамлакатларни ҳам босқинчилар ҳужумидан ҳимоя қилган. Унинг номи, ўлмас жасорати халқ орасида, турли миллат ва элатлар ўртасида афсонага айланган.

Бугунги кунда Мангуберди шахси умумтаълим тизимининг тарих фанида атрофлича ўқитилади. Унинг ҳаёти ва жасорати ҳақида адибларимиз томонидан бир неча адабий асарлар яратилган. Мангуберди шахси нафақат ўзбек адиблари, балки хориж адабиётининг ёрқин намояндалари ижодида ҳам буюк саркарда сифатида гавдаланади.

Истиқлол йилларида бу улуғ аждодимизнинг хотираси абадийлаштирилди. Таваллуд саналари муносиб нишонланди. Давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири – Жалолиддин Мангуберди ордени таъсис этилди. 2017 йилда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Мангуберди ва унинг тарихий жасоратига бағишлаб ёрқин мусиқий композиция ҳамда видеоклип яратди. 2020 йилда эса туркиялик киноижодкорлар билан ҳамкорликда “Мендирман, Жалолиддин!” номли кўп қисмли тарихий фильм суратга олинди. Шунингдек, улуғ саркардага муносиб ватанпарвар ўғлонларни тарбиялаш мақсадида Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди номида ҳарбий академик лицей ташкил этилди.

Хоразм марказида барпо этилган ёдгорлик ҳайкалтарошлик санъатининг ёрқин намунаси бўлиб, гўзал композицияни гавдалантиради. Ўзининг олий мақсади сари шиддат ва шижоат билан талпиниб, от сураётган қаҳрамон қалбларимизни алланечук чулғаб олар экан, ҳаётимиз ва азиз ватанимизнинг ҳеч нарсага алмашиб бўлмас қадр қимматини яна бир бор англатгандек бўлади.

Ҳайкал олдида Жалолиддин Мангуберди битиктошининг нусхаси ўрнатилди. Эрон ҳудудидан топилган, оғирлиги 32 килограмм, баландлиги 30 сантиметр бўлган бу тошда Қуръони карим оятлари, Жалолиддин Мангубердининг шажараси ёзилган. Унинг асли ҳозирги кунда Лондондаги машҳур Британия музейида сақланади. Бу ҳам буюк аждодимизнинг жаҳон тарихидаги беқиёс шуҳратидан далолат беради.

Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда миллий тикланишдан миллий юксалиш сари олға юраётган бир пайтда, улуғ бобокалонимизнинг шахсий жасоратини ўзимиз учун намуна қилиб, унинг шахсини янада юксакларга кўтаришимиз нафақат бугунги кун, балки келажак авлодларимиз учун ҳам ибрат намунаси бўлиб қолади.

 

 

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+