555 та депутатлик сўрови ижобий ҳал этилди

25.09.2019 11:09:21

“Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоялар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида кўзда тутилган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишнинг асосини ташкил қилди.

Жамиятимизда йиғилиб қолган энг долзарб ҳамда аҳолини ташвишга солаётган масалаларни ўрганиш, қонунчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ва хорижий тажрибани таҳлил қилиш орқали тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг манфаатлари йўлида астойдил хизмат қилган ҳолда ижобий натижаларга эришиш олдимизда турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят ҳамда туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари айни мана шу эзгу мақсад йўлида астойдил бел боғлашган.

Партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар бир партия ходими ҳамда депутатлар жойларда бўлиб, аҳоли орасида мавжуд камчиликларни ўрганишмоқда. Уларнинг амалий ечимларини вақтида ижобий ҳал этиш, шубҳасиз, партия ходимларининг олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Партиянинг вилоят ҳамда Когон шаҳар Кенгаши ходимлари, депутатлари Когон шаҳридаги “Хўжабарги” МФЙда бўлиб, аҳоли томонидан билдирилган турли мазмундаги муаммоларни, мурожаатларни ўрганишди. Ички йўллар дейсизми, бандликни таъминлаш, тиббий хизматми, хуллас, ҳар бир муаммо масъуллар томонидан батафсил ўрганилди. Ўрганишлар асосида эса уларга аниқ таклифлар, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Ҳудуд фуқаролари Аҳмед Қобилов, Зафар Диёров, Исроил Авлиёқуловлар ички йўлларнинг носозлигидан шикоят қилишган эди. Депутат шаҳар ободонлаштириш бошқармасига сўров билан мурожаат қилгач, унга ташкилот раҳбари ўрганишлари асосида мазкур кўчадаги қурилиш ва қазиш ишлари тўлиқ якунланиб, коммуникация тизимлари аҳоли хонадонлаига тўлиқ ўтказилганидан сўнг манзилли дастур асосида таъмирлаб берилиши айтиб ўтилган.

Фуқаролар Раҳмон Собиров, Саида Ражабова, Холбиби Жамоловалар  аҳоли сонини инобатга олган ҳолда мактаб ташкил этиб бериш масаласи билан мурожаат қилишган. Депутат мурожаат юзасидан Когон шаҳар Халқ таълими бўлимига депутатлик сўрови билан чиққач, сўров жавобига “Хўжабарги” МФЙ ҳудудида янги 360 ўринга мўлжалланган мактаб биноси ҳамда 12х24 ўлчамдаги спорт майдонининг қурилиши тўғрисидаги таклифлар 2020 йил Инвестиция дастурига киритилганлиги қайд этилган.

Шунингдек, ишчи гуруҳнинг “Дўстлик” МФЙда аҳоли билан бўлиб ўтган мулоқотлари давомида кўтарилган муаммолари ҳам ижобий жиҳатдан ҳал этилмоқда. Жумладан, ҳудуднинг “Арабхона” кўчасида истиқомат қилувчи фуқароларнинг 16- ва 28-уйлар атрофида сув қувурларининг носоз ҳолатда эканлиги юзасидан билдирган мурожаатлари соҳа мутахассисларига чиқарилган сўровлар асосида жойида бартараф этилди. Сув қувурлари таъмирланди.     

 Албатта, маълумотларга таянадиган бўлсак, бугунги кунга қадар партия ходимлари 550 та МФЙдаги 9601 та хонадонда истиқомат қилувчи аҳоли мурожаатларини ўрганишди. Шу билан бирга 600 га яқин ижтимоий ташкилотларда бўлиб, улардаги мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Мурожаатлар асосида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилиб, 555 таси ўзининг ижобий ечимини топди. Хусусан, Когон шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга 58 та сўров чиқарилган бўлса, уларнинг қирқдан ортиғи ҳал этилишига эришилган.  

Шубҳасиз, бу ёмон натижа эмас. Аммо фуқароларнинг ишончини қозониш, уларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида юқоридаги кўрсаткичларнинг янада илгарилаб боришига эътибор қаратишимиз лозим. Шундагина халқ бизга ишонади. Муаммоларнинг ечими эса аниқ кўрсаткичларни кўрсатади.  

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши ахборот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+