“Адолат” СДП 29 ёшда. Ўзбек социал-демократияси тарихидан

18.02.2024 10:02:45

Социал-демократия ғоялари азалдан барча халқлар сиёсий дунёқарашида шаклланган. Унинг мафкураси жуда мафтункор. Заминимизда социал-демократлар ХХ аср бошларида ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланишни бошладилар. Хусусан, 1905 йилнинг иккинчи ярмида социал-демократик ташкилотлар нафақат Тошкент ва Самарқандда, балки Чоржўй, Туркистон, Марв, Андижон, Марғилон ва Кушкада мавжуд эди. Жадидлардан бўлган И.Габитов, А.Авлоний, С.Айний социал-демократик ғояларни қўллаб-қувватладилар. “Тошкент ишчиси” газетаси (1913-й.) социал-демократларнинг нашри сифатида сиёсий таҳлилий материалларга бой бўлган.

Чор Россиясида содир бўлган сиёсий инқироз, халқларнинг норозилик кайфиятлари ўша пайтда шаклланган кўпгина сиёсийлашган ташкилотлар учун қўл келди. Ушбу ташкилотларнинг шиддат билан институтлашув жараёни содир бўлди, уларнинг сиёсий ҳокимиятга интилиши ва ўз сиёсий платформасини кенг тарғиб қилишига олиб келди. 1917 йил Февраль инқилоби вазиятни тубдан ўзгартирди, сиёсий ҳокимиятга келган большевиклар барча имкониятлардан фойдаланиб, ривожланишнинг эволюцион йўлини таклиф этаётган социал-демократларни, ривожланишнинг муқобил вариантини таклиф этаётган бошқа сиёсий кучларни, ватанпарварлик руҳида фаолият юритаётган ташкилотларни йўқ қилиб юборди ва империячилик сиёсатининг давом этишини ёқлади. ХХ аср 90 йиллари бошларигача яккапартийявий тизим ўрнатилди.

Илгари бир партиявий тизим тажрибасига кўниккан Марказий Осиё мамлакатлари кўп партиявий тизимни шакллантиришда социал-демократик партияларга алоҳида эътибор қаратдилар. Ўша даврда ҳам жаҳонда юздан ортиқ социал-демократик партиялар мавжуд эди, шу қаторда мамлакатимизда социал-демократик ғояларига асосланган партияни тиклаш масаласи маърифатпарвар юртдошларимиз учун долзарб бўлиб борди.

1990 йилдан бошлаб Ўзбекистонда янги қарашларга эга бўлган, мамлакат ривожланишининг муқобил вариантини таклиф эта оладиган турли ижтимоий, сиёсий кучлар майдонга келади, янги-янги ижтимоий, сиёсий ташкилотлар тузилади. Мустақиллик шарофати билан 1995 йилда — мамлакатимизда илк социал-демократик ташкилотлар тузилишидан роппа-роса 90 йил ўтгандан кейин қайтатан социал-демократик йўналишдаги “Адолат” деб номланган сиёсий партия ташкил этилади.

Ўзбекистонда социал-демократик партиясини тузиш ғояси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида 44 депутатни ташаббускорлар гуруҳига бирлаштирди. Бу депутатлар социал-демократик йўналишидаги партия тузиш заруриятини тушунган инсонлар эди. Ташаббускор гуруҳ ўзагини йирик жамият арбоблари: “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Анвар Жўрабоев, Тошкент Давлат Университетининг ректори, академик Тўхтамурод Жўраев, Андижон Давлат университети ректори, профессор Акмал Қосимов, Тошкент Давлат Юридик институти ректори, профессор Ҳалимбой Бобоев, 1-Тошкент Давлат Тиббиёт институти ректори, академик Турғунпўлат Даминов, Олий Мажлис депутати Улуғбек Дониёров, Тошкент Давлат Техника университети проректори, профессор Содиқжон Қосимовлар эди.

1995 йил 18 февралда бўлиб ўтган партиянинг Таъсис Қурултойига сайланган 187 нафар делегатдан 185 нафари иштирок этди. Унда Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, республикада демократияни ривожлан-тириш, ҳуқуқий давлат қуриш жараёнларини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясини тузиш юзасидан қарор, партиянинг дастури ва Устави қабул қилиниб, Ўзбекистон фуқароларига мурожаати эълон қилинди. Республиканинг обрўли ва таъсир доирага эга бўлган 57 вакилидан иборат таркибда партия Сиёсий Кенгаши тузилди. Партиянинг бош шиори “Куч – адолатдадир!» деб белгиланди.

Шу куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг биринчи пленуми бўлиб ўтди. Унда, асосан, ташкилий масаллар кўриб чиқилди.

Пленумда партия Сиёсий Кенгаши Ҳайъати ва Котибияти сайланди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг биринчи котиби этиб Анвар Жўрабоев, иккинчи котиби этиб Абдували Ғуломмуҳамедов сайланди. Нажмиддин Комилов, Ҳалимбой Бобоев ва Улуғбек Дониёровлар партия Сиёсий Кенгашининг котиблари этиб сайландилар.

“Адолат” ҳафталик газетасини таъсис этиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бугун социал-демократиянинг “ўзбек модели” жаҳон социал-демократик партияларининг мафкурасини кўр-кўрона кўчиришдан узоқдир. У, бир томондан, социал-демократия ғояларини қарор топтиришнинг илғор мамлакатларда синовдан ўтган тажрибасига, иккинчи томондан эса, улуғ бобокалонларимизнинг адолат, эзгулик, инсоний меҳр-мурувват, ижтимоий давлат ва саховат тўғрисидаги қарашларига таянади.

Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳозирда ўз тараққиётининг янги сифат босқичида турибди. Бу партия сафларининг минтақалардаги сони ортиши ва ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлашувида намоён бўлмоқда.

Агар 1995 йилда партия аъзоларининг сони 3400 кишига тенг бўлса, 2000 йилда уларнинг сони 39 минг, 2005 йилда 52 минг, 2010 йилда 76 минг, 2020 йилда 430 мингдан ошди. Ҳозирда Ўзбекистон “Адолат” СДПга 620 мингдан зиёд аъзолар бирлашган. Бу, ўз навбатида, партиянинг ижтимоий базаси кенгайиб бораётганлигидан далолат беради. Парламент қуйи палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ҳар сайлов натижаларига кўра вакиллари ортиб бормоқда.

Партияга ўз даврида раҳбарлик қилган Анвар Жўрабоев, Турғунпўлат Даминов, Дилорам Тошмухамедова, Исмоил Саифназаров, Наримон Умаров, Баҳром Абдуҳалимов мамлакатимизда асл социал-демократ етакчилар эди. Улар даврида партия ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланди, мафкураси такомиллаштириб борилди. Бугун мамлакатимиз социал-демократларнинг етакчиси Робахон Махмудова ўз олдига партияни ташкилий ва мафкуравий жиҳатдан жипслаштириш ва мустаҳкамлаш, янги марраларни забт этиш каби мақсадларни белгилаб олди.

Ўзбекистонда 1995 йилда ташкил этилган “Адолат” СДП мамлакат сиёсий майдонида ўз мавқейини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Буни биргина сайловдан сайловгача бўлган даврнинг ўзи ҳам исботлаб турибди.

 

Сардор ДАСТИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти
Тошкент вилояти Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+