«Адолат» СДПнинг дастурий ҳужжатларида ижтимоий давлат ғояси

25.03.2024 12:03:13

Ижтимоий давлат ғояси кўпгина халқларнинг асрий орзуси. У юқори иқтисодий ривожланиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, мамлакат даромадларининг адолатли тақсимланиши, кучли фуқаролик жамияти, кучли ижтимоий давлат дастурларининг амалда ишчанлиги, тенг ҳуқуқлар ва шароитларнинг кафолатланиши, давлат органларининг фуқаролар олдида ижтимоий масъулияти, ижтимоий хизматларнинг ривожланганлиги, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий таъминотнинг юқори сифати ва тезкорлиги, айниқса тиббиёт ва таълим соҳаси юқори тараққий этиши, барча учун қонун устуворлиги билан тавсиф этилади. Ижтимоий давлат ғояси социал-демократларнинг азалий ғоясидир.

Социал-демократия мамлакатимиз учун ёт ва бегона мафкура эмас. Бу йўналишдаги илк сиёсий ташкилотлар, партиялар ушбу заминда 1905 йилдаёқ шакллана бошланган ва улар ҳам жаҳон социал-демократия ҳаракати доирасида ўз дастурий мақсадларида ижтимоий давлат ғоясини илгари суриб келдилар. Ижтимоий давлат тушунчаси жаҳон социал-демократларнинг марказида турган асосий ғояларидан ҳисобланади. 1995 йилда ташкил этилган «Адолат» СДП социал-демократия мафкурасининг асосий ғоясига содиқ қолиб, илк фаолият йилидан ижтимоий давлат ғоясини илгари суриб келмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг 2019 йил 2 ноябрдаги IX Қурултойида қабул қилинган Уставида «Партиянинг асосий мақсади – ҳуқуқий-демократик давлат, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган кучли адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатларига мос келадиган, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маънавий жипслашган жамиятни тараққий топтиришда фаол иштирок этишдир», – деб мустаҳкамлаб қўйилган.

Партия ўз сайловолди дастурида «ижтимоий давлат» ғоясини илгари суради. Партия Дастури матни контент-таҳлили ушбу тушунча партия дастурида 4 маротаба ишлатилганлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, дастур матнининг илмий контент-таҳлили ижтимоий давлат ғоясига доир қуйидаги муносабатлар партия учун устувор эканлигини кўрсатмоқда:

Ижтимоий адолат (дастур матнида 5 маротаба қўлланилган);

Ижтимоий ҳимоя (9);

Ижтимоий тенглик (2);

Ижтимоий сиёсат (1);

Ижтимоий барқарорлик (2);

Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти (1);

Ижтимоий тафовутга йўл қўймаслик (1);

Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилишини сақлаб қолиш (1).

Партия ушбу дастурида «Биз «Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир» деган тамойилга таянган ҳолда жамиятдаги ижтимоий тенгликни таъминлайдиган, ҳар бир фуқаронинг қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, у ўз меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш учун курашамиз», — деб эълон қилган.

Шунингдек, партия кучли ижтимоий сиёсатни мамлакатимизнинг келажаги буюк бўлишини таъминловчи инсон капиталига қаратишини маълум қилган.

Бир қатор давлатларнинг конституцияларида, шу қаторда Ўзбекистон конституциясида ижтимоий давлат ғояси мустаҳкамлаб қўйилган. Ўтган 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда халқимизнинг катта қисми ўз овозини ижтимоий давлат учун берди. Бу ғоянинг халқ томонидан қўллаб-қувватланиши ва конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилиши «Адолат» СДП учун улкан ютуқ бўлди. Бугунги шиддатли замон партиядан мазкур ғояни амалга оширишни талаб этмоқда. Биз ўзбекистонлик социал-демократлар барча кучимизни сафарбар этиб, уни ижтимоий давлат қуришга йўналтиришимиз шарт. Жаҳон социал-демократияси учун намуна бўладиган давримиз келди.

С.Дастиров,
«Адолат» СДП Тошкент вилояти 
Кенгаши
«Ёш адолатчилар» Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+