“Адолат” СДП: Жазо ўтаётган шахслар таъқиб қилувчи органлар қўлида бўлмаслиги лозим

12.12.2019 13:12:31

Биз суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти, деб ҳисоблаймиз.

Биз инсонлар сарсон бўлишиининг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларга “халқ судлари” мақоми беришни, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш таклифини берамиз.

Маълумки, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уни муносиб ҳимоя қилишда адвокатура институтининг ўрни ва роли беқиёс. Шу боис, биз адвокатларнинг мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур чораларни кўриши, бу борадаги амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглик принципини таъминлаш учун курашамиз.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суд қарорларини ижро қилиш ваколати прокуратура ва ички ишлар органларига берилган бўлиб, бу ҳолат халқаро талабларга жавоб бермайди. Қолаверса, жазо ўтаётган шахслар таъқиб қилувчи органлар қўлида бўлмаслиги лозим. Шу муносабат билан, биз барча ижро билан боғлиқ ваколатларни ва жазони ижро этиш муассасаларини суриштирув ҳамда тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган – адлия идоралари бошқарувига беришни мақсадга мувофиқ, деб биламиз. Шунда суриштирув ва терговдан норозиликлар барҳам топади, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг, қийноқ ва тайзиқларнинг олди олинади, ижро жараёнида инсон ҳуқуқлари таъминланади.

Биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини қўллаб-қувватлаймиз ва унинг шаффофлигини янада ошириш чораларини кўрамиз.

Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда. Дастлабки тергов органларининг тарқоқлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари юз бераётганлиги сайловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бош прокуратура ва унинг қуйи органларининг тергов жараёни устидан назорат функцияси тобора пасайиб бормоқда. Ушбу ҳолатни бартараф қилиш, дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз.

Бахтиёр ИБРОҲИМОВ,

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+