“Адолат” СДПнинг саховатпеша депутат ва фаолларга мурожаати

02.04.2020 10:04:19

Синовли кунларда халқимизга камарбаста бўлиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб қувватлаган сафдошларимиз – депутатлар, партия фаоллари, хайрихоҳлар ва ҳомийларга партия Сиёсий Кенгаши ҳамда кўп сонли аъзоларимиз, хайрияни қабул қилган фуқароларимиз номидан чуқур миннатдорчилик изҳор этамиз. Дарҳақиқат, ижтимоий ҳимоя, ўз ҳудуди аҳолиси манфаатларини биринчи ўринга қўйиш “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар ва фаолларимиз учун азалдан дастуриламал ҳисобланган. Пандемик карантин шароитида уларнинг ташаббускорлиги янада ортди ва халқ билан ҳамнафаслик кучайди.

Аммо айни вақтда юртимиздаги вазият ҳар бир инсондан карантин қоидаларига қатъий амал қилишни тақозо этмоқда. Мутахассислар томонидан коронавирусдан ҳимояланиш мақсадида уйдан ташқарига чиқмаслик, имкон қадар масофавий иш юритиш, жамоат жойларида бўлмаслик ва кишилар билан мулоқотга киришмаслик тавсия қилинмоқда. Уйма-уй юриб озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа турдаги таъминотларни улашиш эса бу тартибга зиддир.

Республика махсус комиссияси ахборотида қайд этилиишча,  якка тартибдаги хайрия акциялари 1 апрелдан вақтинча тўхтатилади. Энди  эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли етказилишида кўмаклашиш учун бундай тадбирлар марказлашган тартибда амалга оширилади. Яъни:

  • Тошкент шаҳрида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзэкспомарказ Миллий кўргазма мажмуаси таркибидаги павильонда ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида шундай механизм жорий этилади;
  • Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотни ҳудудий тегишлилиги бўйича Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига тақдим этади;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ёрдамлари Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали сантитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига қаътий риоя этилган ҳолда (махсус кийим бош ва шаҳсий ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда) эҳтиёжмандларга етказиб берилади;
  • аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига хайрия ёрдамларини шахсан етказиш истагида бўлган нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда саҳоватпеша инсонлар ва кўнгилли (волонтёр) лар ушбу хайрия тадбирларида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва жараёнда қатнашишга таклиф этилади;
  • эҳтиёжманд оилаларга берилган хайрия ёрдамлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади.
  • Пул кўринишидаги маблағларни “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиш тавсия қилинади.

Албатта, депутатларимиз ва фаолларимиздан савобли ишларда тўхтаб қолмасликни, балки янги тартибга риоя қилган ҳолда бу борада барчага ўрнак ва намуна кўрсатишни кутиб қоламиз. Бинобарин, саховат учун кўнгли ва қўли очиқ инсон учун буни амалга оширишда йўллар ҳам доимо очиқ бўлган. Доно халқимиз айтганидек, излаган имкон топади.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+