Адолат шахснинг ҳуқуқ ва эркинлари асосида қарор топади

12.08.2020 16:08:22

Сир эмаски, охирги пайтлар тергов жараёнида гумонланувчини қийноққа солиш, тазйиқ ўтказиш каби қонунбузарликлар ортида инсон ҳуқуқларига зид хатти-ҳаракатлар кенг жамоатчиликнинг кескин норозиликларига сабаб бўлди. Зеро, ҳуқуқ-тартибот органларининг вазифаси ҳақиқатни юзага чиқаришдан иборатдир. Адолатга эса жисмоний куч ишлатиш билан эришиб бўлмаслиги аниқ.

Шу нуқтаи назардан куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон айни муддао бўлди. Мазкур ҳужжат қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш билан боғлиқ бўшлиқларни тўлдиришига ишонч билдирамиз. Пировардида жиноятларни фош этиш борасидаги фаолият янги босқичга кўтарилса ажаб эмас.

Фармонда шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш белгилангани шу пайтгача кўзга ташланган иллатларнинг йўқолишига замин ҳозирлайди.

Айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш ҳам албатта ижобий мақсадларга хизмат қилади. Унга кўра айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган тақдирда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилади. Бу эса суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган муддатигача жазо тайинланашга асос бўлади. Чунки айбини тан олган одам жиноятнинг очилишига фаол ёрдам беради ва келтирилган зарарни бартараф қилишга жалб этилади. Мазкур механизм адолат тезроқ ва осонроқ қарор топишига бир кўмакдир.

Яна бир муҳим масала. Ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгиланди. Бу ўз навбатида адвокатлар мақомининг ошишига ва ваколатлари кенгайишига турткидир. “Адолат” СДП сайловолди дастурида адвокатлик институтини такомиллаштириш масаласи кўтарилгани бежиз эмас.

Фармон доирасида ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш тақиқланмоқда. Бу эса шубҳасиз, руҳий босим ўтказишнинг олдини олиш билан бир қаторда жиноятнинг фош этилишида чалкашликлардан асрайди.

Фармондан яна кўплаб муҳим масалалар, ечимини кутаётган муаммоларга жавоблар жой олган. Аҳамиятли жиҳати, барча ислоҳотлар пухта режа асосида даврларга тақсимланган. Айрим вазифалар яқин вақт ичида амалга оширилиши белгиланган бўлса, баъзилари келаси йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган. Биз мамлакатдаги сиёсий куч сифатида барча қадамларни биргаликда босиб ўтамиз, бунда халқ вакиллари асосий тиргак ролида бўладилар.

 

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+