«Адолатчи» аёллар ташаббуси билан

20.10.2022 15:10:37

«Адолат» СДП Тўрақўрғон туман ташкилотида бугунги кунда 3400 дан зиёд аъзо бор. Уларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Шунинг учун сафдошларимиз аёллар билан ишлаш, уларнинг жамиятдаги мавқейини мустаҳкамлаш, оила фаровонлигини оширишга қўшадиган ҳиссасини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Туман кенгашидаги «Аёллар қаноти»га фаол жамоатчи Фароғат Абдуллаева етакчи. Касби шифокор бўлгани учун одамлар билан кўп мулоқот қилади. Аҳолини қизиқтираётган масалалардан, қийнаётган муаммолардан ҳам хабари бор. Тез-тез турли фойдали ташаббуслар билан чиқиб туради. Яқинда туман бўйича «Энг намунали ҳунарманд аёл» кўрик-танловини ўтказиш таклифини билдирганди. Уни партиядошларимиз маъқул топдилар, ҳокимлик мутасаддилари, оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳам қўллаб-қувватладилар.

– Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – опа-сингилларимиз ўртасида касб-ҳунарга муҳаббат уйғотиш, уларни тадбиркорликка руҳлантириш эди, - дейди Фароғат Абдуллаева. – Чунки аёллар ҳам турмуш ўртоғи каби оила бюджетини шакллантиришга ҳисса қўшса, нимаси ёмон? Албатта, бунинг учун маълум даражада касб кўникмаси бўлиши керак. Демак, ўқиш-ўрганиш зарур. Тадбир шу жиҳатдан кўпчиликка туртки вазифасини бажариши мумкинлигини назарда тутдик.

Шуни айтиш керакки, кўрик-танловнинг кўлами кутилганидан ҳам кенг бўлди. Аввало, уни ўтказиш учун туман марказидаги Исъҳоқхон Ибрат номидаги мажмуа танланди. Барча маҳалла фуқаролар йиғинларидан вакиллар таклиф этилди. Улар ўзларининг касаначилик, дўппидўзлик, каштадўзлик, зардўзлик, тикувчилик, тўқимачилик, кулолчилик ва бошқа соҳалардаги маҳоратларини намойиш этдилар. Кўргазмаларни беш мингга яқин киши томоша қилгани тадбирга берилган юқори баҳонинг бир кўриниши, дейиш мумкин.

Нигора Турдиалиева Ибрат номли маҳалладаги саккиз нафар тажрибали ҳунарманднинг бири. Имтиёзли кредит ажратилиши унинг «Аёллар дафтари»дан чиқишига йўл очди. У савдо тармоқларига етказиб бераётган тикувчилик буюмлари ўта харидоргир. Шунинг учун даромад ҳам ёмон эмас. Бундан ташқари, ҳозирда 10 нафар қизга ҳунари сирларини ўргатяпти.

«Янги ҳаёт» МФЙда яшовчи 62 ёшли Роҳила Умарованинг ғайратига ҳам ҳавас қилса арзийди. У белбоғ, чойшаб тикиб, оиласининг рўзғорига кўмаклашади. «Туркистон» маҳалласидаги Гулмира Тошматова эса сопол буюмлар тайёрлаш билан шуғулланмоқда. Бу ишда оиланинг барча аъзолари кўмакчи эканлиги маълум бўлди. Имтиёзли кредит олиши унинг фаолияти кенгайишига ёрдам берди.

Қисқаси, кўрик-танлов жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари, радио ва телевидение, интернет-нашрлар у ҳақда батафсил ҳикоя қилдилар. Энг яхши деб топилган ҳунарманд аёллар ҳокимлик, бошқа давлат ва жамоат ташкилотларининг мукофотларига сазовор бўлдилар.

– Биз ҳам намунали ҳунарманд аёллар рўйхатини тузиб олдик, - дейди «Адолат» СДП туман кенгашининг раиси Заҳрохон Аҳмедова. – Фаолларимиз уларнинг иш тажрибасини пухта ўрганадилар. Кейин эса оммалаштириш чораларини кўрамиз. Бу билан ҳунарманд ва тадбиркор опа-сингилларимиз сафи кенгайишига ҳисса қўшамиз.

Нурбек Абдуллаев,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+