Адолатчи ёшлар томонидан “Ёшлар парламенти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда

01.12.2020 16:12:09

Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий фаол бўлиб шаклланишида парламент ва депутатлик назорати, парламент аъзолари олдида турган вазифалар ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ёшлар парламентига сайланган ёш адолатчилар билан биргаликда фракция йиғилиши бўлиб ўтди. Фракцияда ёшларнинг фикр мулоҳазалари тингланди ва амалга ошириш лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида Республиканинг барча ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳуқуқий маслаҳатхоналарни ташкил қилиш каби бир қатор таклифлар берилди.

Энг асосийси Наманган вилояти Чуст туманидан сайланган Собирхонов Абдулбоситхон томонидан “Ёшлар парламенти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи билдирилди ва муҳокамага қўйилди. Бу барча парламент аъзолари томонидан бир овозда қўллаб қувватланди ва ишчи гуруҳи тузилди. Собирхонов Абдулбоситхон ишчи гуруҳи раҳбари этиб белгиланди.

Бугунги кунда ёш авлодни она ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, улар орасидан иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, глобаллашув жараёнида ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ёшларнинг фаоллигини ошириш, парламент томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиёти, жамиятимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар ва уларнинг ўрни ва бурчлари, бугунги кунда ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мамлакатимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, ёшларга доир қонунларнинг мазмун-моҳиятини юртимиздаги чекка ҳудудаги ёшларга чуқур тушунтириб, амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор этиш каби Ёшлар парламенти олдида турган муҳим вазифаларни амалга ошириш учун “Ёшлар парламенти тўғрисида”ги қонун кераклиги бугунги кунда ўз исботини кўрсатмоқда.

 

Миршод ҚЎЛДОШЕВ,

 “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

 Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини

ошириш бўлими етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+