Аҳоли кўнглига йўл топаётган депутатлар

27.03.2024 11:03:01

Миришкор Қашқадарё вилоятининг чекка туманларидан ҳисобланади. Туркманистон Республикаси билан ерлари туташиб кетган. Халқи асосан чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар боис аҳолининг фаровонлиги янада юксалиб, иқтисодиёт тармоқлари кенгайди. Тадбиркорлик ривожланди. Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари сўзсиз таъминланди.
- Яқингача туманимизда Жейнов пахта тозалаш заводи бор эди, - деди партиянинг туман Кенгаши раиси Тўлқин Хидиров. - Ҳозир эса тадбиркорларни халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари қўллаб-қувватлаши билан ун завод, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикаси, металлни қайта ишлаш, гўшт ва сутни қайта ишлаш, томат ва кетчуп ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.


Яқинда депутатлик гуруҳи аъзолари ташаббуси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Махфурат Хушвақтованинг кўмаги билан трансформатор ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Шулар ҳисобига ўтган йили туманда 737,8 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Янги лойиҳалар ишга туширилиши эвазига 1088 та янги иш ўринлари яратилди.


Депутатлик гуруҳи аъзолари барча жабҳада одамларга яқиндан кўмакдош бўлишмоқда. Айниқса, депутатлик гуруҳи раҳбари Абдужаббор Кенжаев партиянинг “Адолат –қонун устуворлигида”, “Сиёсий ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш - демократик жамият пойдевори”, “Эркин ва фаровон демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз”, “Депутат халқ учун” мавзусидаги тарғибот, маданий-маърифий тадбирлардаги чиқишлари билан аҳолининг “Адолат” СДПга бўлган ишончини оширмоқда. Абдужаббор Кенжаев иш режа асосида фуқаролар билан мунтазам мулоқотда бўлади. Жорий йилнинг январь, февраль, март ойлари режасига асосан Навбаҳор, Миришкор қишлоғи ва Ўзбекистон МФЙ аҳолиси билан юзма-юз мулоқотга киришганда ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар Шерали Гулмирзаев, Эркин Қобилов, Дилафруз Раҳмонова мурожаат қилишди. Депутат уларнинг мурожаатларини ўрганиб, ночор Шерали Гулмирзаев ва ногирон Эркин Қобиловнинг уй-жойларини ҳомийларни жалб этган ҳолда ҳашар йўли билан таъмирлаб берди. Миришкор қишлоғида яшовчи боқувчисини йўқотган Дилафруз Раҳмонова оиласига эса керакли озиқ-овқат маҳсулотларини улашди.


Депутат муборак Рамазон ойида Ўзбекистон МФЙда яшовчи кам таъминланган боқувчисини йўқотган Гулжамол Раззоқова хонадонида бўлиб, унинг ҳолидан хабар олди. Партиядошимиз саъй-ҳаракати билан ёрдамга муҳтож оиланинг ҳовлиси ободонлаштирилди. Оилани камбағалликдан чиқариш учун Ўзбекистон МФЙ ҳудудидаги фермерларга қарашли 0,50 гектар ер сабзавот, полиз экинлари экиб, фойдаланиш учун Гулжамол Раззоқовага олиб берилди.


Абдужаббор Кенжаев соғлиқни сақлаш фидойиси. У депутат сифатида ҳам умумтаълим мактабларида тез-тез бўлиб туради. Куни кеча 6-сонли мактабдаги таълим-тарбия жараёнларини ўрганди. Аниқланишича, синфхоналарда ўқув давомат паст. Дарсга 10 нафар сабабсиз келмаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига учрашиб, қайта бундай ҳол такрорланмаслиги юзасидан ҳуқуқий тушунча берди. Мактабдаги бошқа камчиликларни ҳам тезда бартараф этиш учун мактаб масъуллари ўртасида тегишли тартибда суҳбат ўтказди. Шунингдек, Абдужаббор Кенжаев тумандаги 16-сонли мактабгача таълим ташкилотида камолга етаётган ўғил-қизларга яратилаётган шароитларни ҳам кўздан кечириб, бу ерда санитария-гигиена талаблари бузилаётгани, қолаверса, жажжилар учун тайёрланадиган овқатларга гўшт ва бошқа масаллиқлар кам солинаётгани учун боғча масъулларига танбеҳ берди.


Дарҳақиқат, депутатлик гуруҳи раҳбари Абдужаббор Кенжаев иш фаолиятида асосий эътиборни одамлар билан мулоқот қилишга қаратмоқда. Аҳоли билан очиқ мулоқот, партия қошида очилган “Адолат қабулхонаси” ишини янги, замонавий қарашлар асосида ташкил қилиш, жойларда депутатларнинг аҳоли билан юзма-юз мулоқоти биринчи вазифа қилиб белгиланган. Натижада? жорий йилнинг ўтган кунлари ичида депутатлик гуруҳи аъзолари мурожаатчилар билан 30 дан ортиқ учрашувлар ўтказиб, уларда кўтарилган масалаларнинг барчасини ижобий ҳал этишга эришдилар.


Депутат Абдужаббор Кенжаев жорий йилнинг 20 февраль куни аҳоли билан мулоқотга киришганда Ободон, Нурафшон, Миробод МФЙ фуқаролари маҳаллаларни ўзаро боғлаб турувчи маҳаллий йўл носозлигидан шикоят қилишган эди. Ўрганишларда аҳоли эътирози ўринли эканлиги аниқланди. Муаммони бартараф этиш, одамларга қулайлик яратиш учун депутат туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари номига депутатлик сўрови юборди. Айни пайтда корхона ишчи-хизматчилари томонидан маҳалла йўлига қум-шағал тўкилиб, таъмирланди. Одамларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммо бартараф этилди.
Юқорида қайд этганимиздек, депутатлик гуруҳи аъзолари одамлар кўнглига йўл топиб, дардига қулоқ тутиб, “Адолат” СДПнинг нуфузини оширишга ҳаракат қиляптилар. Гуруҳ аъзоси Назира Тўраева Навбаҳор МФЙ аҳолиси билан шу йил 10 январь куни учрашув уюштирганида маҳалла фуқаролари номидан Сардор Бўриев ички йўлларга кўча чироқлари ўрнатиш ҳамда хонадонларга ичимлик суви меъёрида етиб келиши учун сув оқова корхонасини сув насос билан таъминлашда амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат қилди. Депутат Назира Тўраева одамларни арзида кўтарилган муаммони тегишли ташкилотларни жалб этган ҳолда ҳал этишга муваффақ бўлди. Ҳозир маҳалланинг ички кўчаларига ҳам тунда ёритиш чироқлари порлаб турибди. Тоза ичимлик суви етиб бормайдиган оилалар ҳам оби-ҳаётдан баҳраманд бўлди.
11-Аввона сайлов округидан сайланган депутатлик гуруҳи аъзоси Сарвиноз Абдуллаева ҳам халқ ишончини оқлаш учун кеча-кундуз фидойилик билан ҳаракат қилмоқда. У “Адолат қабулхонаси”га фуқаролардан тушаётган ёзма ва оғзаки мурожаатларни ҳам ўз вақтида ижобий ҳал этиб келмоқда. Аввона МФЙ фуқароси Муродулла Авазов шу йил бошида маҳалла ички йўллари таъмирталаб ҳолга келиб қолганидан “Адолат қабулхонаси”га ёзма мурожаат қилган эди. Депутат партия туман Кенгаши фаоллари билан фуқаро мурожаатини ўрганиб, маҳалланинг икки километр узунликдаги ички йўлларига тош шағал ётқизишга эришди. Бундан ташқари, депутат Сарвиноз Абдуллаева олийгоҳда ўқиётган 2 нафар кам таъминланган оила фарзандларининг контракт пулини ўз вақтида ўтказиб беришга кўмаклашди. Шунингдек, 3 нафар тўшакда ётиб қолган беморга маблағ йўқлиги учун жарроҳлик амалиёти ўтказилмасдан келинаётган эди. Депутат бу муаммони туман ҳокимлиги тасарруфидаги идоралар билан келишган ҳолда бартараф этди. Эҳтиёж сезаётган беморларга эса жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди.
Албатта, депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан бу каби жўшқин, хайрли ишлар ҳар куни амалга оширилмоқда.
Одамлар эса кун сайин турмуши фаровон бўлишидан умидвор, қолаверса, манфаатдор ҳам.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Миришкор туман Кенгаши ва халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари айни кунларда бўлажак сайловларда энг кўп депутатлик ўринларини эгаллаш учун барча имкониятлардан самарали фойдаланмоқдалар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+