Аҳоли муаммоларига масъулиятсизлик ижтимоий тармоқларда акс-садо бермоқда

12.08.2021 14:08:03

 

Халқимизнинг ижтимоий фаоллиги айниқса, шу кунларда янада фаоллашган, боиси жорий йилда мамлакатимиз ҳаётидаги энг катта сиёсий воқелик, яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун сайловлар бўлиб ўтади. Бу эса юртимиз фуқароларида эртанги кунга келажакка бўлган ишончини янада ортишига хизмат қилиши табиийдир. 

Сайлов муносабати билан мамлакатимиздаги ҳар бир сиёсий партия ўз номзодлари билан бирга ўз сайловолди дастурини ҳам илгари суради. Ушбу дастурларда ҳар бир партия сайловда ғалаба қозониши учун энг халқчил ғояларни олиб чиқиши ва шу орқали сайловчиларни ўзларига оғдиришга ҳаракат қилади.

Жамиятда учраётган аксарият муаммолар қисқа вақтда ижтимоий тармоқлаларда кенг тарқалиб,  аҳолининг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон “Адолат”  СДП ўз сайловолди дастурида инсон, унинг ҳуқуқлари эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсонни фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги мезонларини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим вазифалари сифатида белгиланган.  

Партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат”  СДП Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари иштирокида ижтимоий тармоқларда тарқалган энг шов-шувли хабарлар ва уларнинг ечимлари ўрганилди. Жумладан, Навоий вилояти Кармана тумани “Талқоқ” МФЙ ҳудудидаги 4-Б сонли кўп қаватли уйни қурган қурувчи ташкилот “Шарқ қурилиш сервис” МЧЖ томонидан уйни аҳолига бир қанча жиддий камчиликларни бартараф этмасдан сотиб юборилган. Фуқароларнинг қурилиш ташкилоти раҳбариятига бир неча бор муржаатлари эса самарасиз якунланавергач, додини кимга айтишни билмаган хонадон эгалари ижтимоий тармоқларда бир нечта чиқишлар қилган.

Хусусан, ўтган 2020 йилда “Қурилганига бир йил ҳам бўлмаган янги уйнинг пойдевори чўка бошлади...” ва “Қурилиш ташкилоти карантин чекловларини баҳона қилиб 3 ойдан буён камчиликларни бартараф этмаяпти” сарлавҳали мақолалар эълон қилинган. Шундан сўнг, Кармана туман ҳокими Ф.Умаров ва соҳага тегишли мутасаддилар иштирокида шу йилнинг 4 сентябрь куни мазкур кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказилиб, қурилиш ташкилотига 10 кун муддатда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш вазифаси юклатилган. Ундан олдин туман прокуратураси топшириғига асосан уйимиз ва унинг атрофида бир мунча ишлар амалга оширилди.

Бироқ, орадан салкам бир йил ўтган бўлсада қурилиш ташкилоти уйнинг лойиҳа сметасида бинонинг олд қисмида қурилиши режалаштирилган корхона умуман қурилмади, йўлакларнинг ички қисми деворларининг бўёқлари кўчиб тушди, кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган ер майдонини суғориш шароитлари яратилмаган. Шунингдек, қурилиб битказилганлигига қарийб икки йил бўлган уйнинг ён қисмидан асосий қатнов йўлига чиқиш ва кириш учун йўл мавжуд эмас.

Энг ачинарли томони шундаки, кўп қаватли уй учун мўлжалланган алоҳида трансформатор ўрнатилмаган. Ҳозиргача уйнинг электр таъминоти яқин атрофдаги трансформаторга вақтинча уланган. Туман ҳудудий  электр тармоқлари корхонаси берган маълумотларга кўра, уй учун алоҳида трансформатор, қурилиш лойиҳа техник шартларида айнан қурилиш ташкилоти томонидан ўрнатилиши белгиланганлигини маълум қилди. Бу эса трансформаторнинг ортиқча босим билан ишлаши натижасида аҳоли хонадонларида меъёрдан ортиқ кучланишда (245-290 вольт) электр-энергия етиб бормоқда натижасида аҳоли хонадонларидаги маиший техникаларнинг тез ишдан чиқишига сабаб бўлмоқда.

Ўрганишларда маълум бўлишича, мазкур кўп қаватли уй “Шарқ қурилиш сервис” МЧЖ томонидан қурилган кўп қаватли уйнинг хонадонлари фуқароларга барча қулайликлар  яратиб бериш шарти билан 10 ва 20 йил муддатга банк кредити асосида 260-330 млн. сўмгача сотилган. Ҳозирда ўртача  ойлик тўлов 3,5-4,5 млн. сўм атрофида. Аммо, қурилиш ташкилоти бажарилиши шарт бўлган энг муҳим ишларни бажармай пайсалга солиб, фуқароларни алдаб келиши фуқароларнинг кескин норозиликларига сабаб бўлаётганлиги аниқланди. 

Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан такроран жорий йилнинг 18 июнь куни Кармана туман ҳокими Ф.Умаров номига шикоят хати ёзишган.

Бироқ, туман ҳокимлиги томонидан фуқароларга йўлланган жавоб хати билан танишганимизда муаммо туман уй-жой коммунал бўлими мутасаддилари томонидан ўрганилганилганлигини билдиришган. Унга кўра, кўп қаватли уй “Шарқ қурилиш сервис” МЧЖ томонидан қурилиб, ўзаро келишув асосида қабул қилинган.  Ушбу уйнинг техник ҳолатини сақлаш, атрофини ободонлаштириш ишлари янги ташкил этилган “Хуршид коммунал прогресс” МЧЖ томонидан ўзаро шартнома асосида амалга оширилишини маълум қилиш орқали мурожаатни ёпиб юборишган.   

Жавоб хатидан кўриниб турибдики, туман ҳокимлиги фуқаролар мурожаатига ўта юзаки ёндошиб, кўтарилган муаммони бартараф этиш юзасидан ҳеч қандай амалий чоралар кўрмаган.  Қурилиш ташкилоти эса 64 хонадондан иборат кўп қаватли уйнинг ўзи томонидан бажарилиши шарт бўлган қурулиш ишларини охиригача етказмасдан ўзига хон, кўланкаси майдон кабилида иш тутиб   юрибди.

   Партия вакилларининг ушбу уйда яшовчи аҳоли билан юзма-юз мулоқотида маълум бўлдики, аҳолининг туман ҳокимлиги ва барча назорат органларидан хафсаласи пир бўлган. Энди сайлов арафасида муаммолари ҳал бўлишидан умидвор фуқаролар тўпланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонасига бориб, блогерлар иштирокида оғзаки ва ёзма равишда ўз талабларини қўйишни режалаштираётганлигини айтишди. 

-Уй атрофидаги ҳолатни кузатар эканмиз, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган ер майдонини суғориш учун оқава сув келтирилмаган. Шу сабабли аҳоли атрофни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун ўз билганича ичимлик сувидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бундан хабар топган туман сув оқава ташкилоти аҳолига бир неча бор огоҳлантиш хатлари берилгач, аҳоли ўз маблағлари эвазига экилган мевали ва манзарали дарахтлар қуриб янтоқзорга айланганлигини гувоҳи бўлдик. Айни вақтда ушбу масалалар ҳал этилмаса қиш мавсумида оғир кунларга қолиб кетамиз, - дейди бизга билан суҳбатда бўлган фуқаро Лазиз Боймуродов.

Тан олиб айтиш керакки,  ижтимоий тармоқда тарқалган хабар ва муаммолар,  дахлдор ташкилотларга мурожаат қилгандан кўра, самаралироқ натижа бермоқда.

Ўзбекистон “Адолат”  СДП “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун” шиори остидаги сайловолди дастуридан келиб чиқиб, воқеаларни кузатишда давом этади.

Соҳага алоқадор мутасаддилардан эса юзлаб аҳолини норозиликларига сабаб бўлаётган юқоридаги муаммони бартараф этишда жонбозлик кўрсатишларини кутиб қоламиз.     

 

Ўзбекистон “Адолат”  СДП

Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+