Аҳоли тоза ичимлик сувидан қачон баҳраманд бўлади?..

26.03.2024 13:03:16

Кат маҳалла фуқаролар йиғинининг Қарши туманига қарашли ҳудудида 114 та оила мавжуд. Улар бир неча йилдирки, ушбу маҳаллада умргузаронлик қилиб, воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Куни кеча маҳалланинг бир гуруҳ фуқаролари номидан Анвар Хўжақулов партиянинг “Адолат қабулхонаси”га мурожаат қилди. Унинг айтишича, Кат маҳалласи Қарши шаҳрининг шундоққина ёнгинасида жойлашган. Йил сайин аҳоли сони ортиб бормоқда. Одамлар тоза ичимлик сувига зор ҳолда кун кечиришаяпти. Мутасаддилар томонидан 3600 метр масофага ичимлик сув қувурларини ётқизиш керак. Ҳудуд аҳолиси бир неча йиллардан буён масъулларга мурожаат қилиб келишмоқда. Афсуски, уларнинг арзини ҳеч ким тингламаётир. Агар бу хайрли ишга қўл урилса, маҳалла аъзолари ҳам баб-баравар ёрдам беришга тайёр эканликларини билдиришмоқда.
Хўш, ушбу муаммо қачон бартараф этилади?
Одамларни жиддий ташвишлантириб келаётган ушбу муаммони халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Руиддин Раупов назоратга олди ва аҳволни масъуллар иштирокида ўрганди. Депутат томонидан “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ директори Б. Шойимовга депутатлик сўрови ҳам юборилди. Бу камчиликдан Қарши тумани ҳокимлиги мутасаддилари огоҳ этилди.
Депутат аралашуви билан одамларни ўйлантириб келаётган муаммо тез кунда ўз ечимини топадиган бўлди. Эндиликда аҳоли тоза ичимлик сувидан бемалол баҳраманд бўлишига умид қиламиз.

Акмал Ҳайитов,
"Адолат" СДП фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+