Аҳоли учун онлайн хизматлар кўрсатиш соҳаси ривожланмоқда

20.08.2020 17:08:35

Ахборот-коммуникация технологияларини барча соҳаларга кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш бугун давр талаби бўлиб турибди. Аҳолига давлат хизматларидан фойдаланишда енгиллик яратиш, жаҳон стандартларига мослашиш йўлида мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилиб келмоқда.

“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” давлат дастурида мазкур соҳалар олдига муҳим вазифалар белгилаб қўйилган эди. Ушбу вазифалардан ҳамда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган вазифалардан келиб чиққан ҳолда мамлакатнинг ҳар томонлама тараққиётида муҳим бўлган онлайн хизматлар соҳаси ривожланиб бормоқда. Қуйида мавжуд хизматларнинг бугунги ҳолати ҳақида маълумотларга эътибор қиламиз.

Фуқароларнинг давлат органлари билан алоқасини электрон платформа орқали амалга ошириш, яъни давлат ўз фуқаролари учун электрон хизматлар кўрсатиши ва электрон маҳсулотларни таклиф этиши рақамли иқтисодиётнинг таркибий қисми ҳисобланади. Ана шу мақсадда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (https://my.gov.uz) ишлаб турибди. Бугунги кунда ушбу портал орқали 200 турдан ортиқ электрон давлат хизматлари тақдим этиб келинмоқда. Улар бўйича йил бошидан бери 1,4 миллионта ариза келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,1 фоиз ошди. Йил якунига қадар умумий хизматлар тури 230 тадан оширилади. 

Жумладан, кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш, иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотнома олиш хизматлари жорий қилиниши ҳамда архитектура-режалаштириш топшириғини олиш, кадастр паспортини рўйхатдан ўтказиш, ипотека кредитлари бўйича давлат субсидиясини олиш хизматларининг такомиллаштирилиши режалаштирилган. 

Ушбу хизматларнинг жорий этилиши  бугунги кунгача аҳолини қийнаб келаётган кўплаб қоғозбозликларнинг, коррупцион ҳолатларнинг, оворагарчиликларнинг олдини олади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам АКТнинг кенг жорий этилиши, айниқса,  ҳозирги шароитда жудаям муҳимдир.  Бу борада ҳам дастлабки чора-тадбирлар амалга оширилган, жумладан,  соҳанинг ахборот тизими доирасида “Электрон поликлиника” ахборот тизими жорий этилди. Поликлиникага келган беморларни рўйхатга олиш, навбатни бошқариш, шифокорлар реестрини юритиш каби жараёнлар автоматлаштирилган. 

Шунингдек,  Шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизими (dshk.uz) ҳам жорий қилиниб, република ҳудудида юритилаётган давлат шаҳарсозлик кадастри тўғрисида батафсил маълумотларни онлайн шаклда олиш имконияти яратилди.

Бундай хизматлардан яна бири “E-Mehmon” тизимидир.  Бу тизимнинг жорий этилиши чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни интернет орқали масофадан туриб рўйхатга олиш учун имконият яратди. Бу қулайлик билан туризм ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшилади.

 Айниқса, кунлик ҳаётимизда расмий ахборот манбаси сифатида хизмат қилаётган  “Karantininfo.uz” тизими жорий этилиши пандемия даврида коронавирус билан инфекцияланган беморларни ва алоқада бўлган шахсларни онлайн қайд этиш, вақтинчалик карантин марказида бўлган шахсларни электрон рўйхатга олиш имкониятини яратди.

“ЎзАгросуғурта” компанияси тизимида ягона бухгалтерия ҳисобини юритиш тизими жорий этилди, бунинг  натижасида суғурта бошқаруви жараёнларига сарфланадиган харажатларнинг 5 фоизга қисқариши таъминланади.

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан банк мижозларига қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида банк тизимида мобил банкинг иловаси жорий қилинди.

Навоий кон-металлургия комбинатида 29-тегирмон блокида технологик жараёнларнинг автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий қилинди ва натижада тегирмон блоки тўлиқ қувват даражасига кетирилган ҳамда комбинатнинг электр энергиясини тежалишига эришилган.

Юқорида келтирилган маълумотлардан кўринадики, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган электрон хизматларнинг йўлга қўйилиши борасида хайрли ишлар амалга оширилиб бошланган. Замонавий дунёда эса инсонлар ўртасидаги муносабатларни қуришда АКТ соҳасининг хизмати каттадир.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари”  қўмитаси ҳамда “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+