Акция кўнгилларни бирлаштирди

04.12.2020 23:12:58

Ҳар биримиз фарзандимизнинг соғлом, бақувват бўлишини, ҳеч кимдан кам бўлмаслигини, яхши ўқиб, комил инсон бўлишини хоҳлаймиз. Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида деб билади. Аммо, бу ҳаётда турмушнинг турли синовлари, паст-баландликлари кўп. Бирор дардга йўлиққан болажонларнинг соғайиши учун ҳисса қўшиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Беғараз донорлик кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъматдир. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди.     

               

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ташаббуси билан ташкил этилган хайрли ташаббуси айни мана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан юртдошларимиз кўнглидан жой олди, қизиқишларига сабаб бўлди, десак муболаға бўлмас.
“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси юзлаб партия фаоллари, депутатлари ва кўнгиллиларни бир мақсад йўлида бирлаштирди.

Бугун ҳам партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан 3 декабрь “Халқаро ногиронлар куни” ҳамда 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Термиз шаҳридаги вилоят қон қуйиш марказида беғараз донорлик акцияси кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.

Мазкур беғараз донорлик акциясига ташриф буюрган ҳар бир иштирокчининг кўнглида мурғак болажонларимиз ҳеч қачон касал бўлишмасин, кўзлари ёшланмасин, умрлари узоқ бўлсин, Ватанимиз корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб вояга етишсин, деган эзгу туйғу жўш урди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимизда барча соҳаларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Партиянинг дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудида ташкил этилган донорлик акциясида партия вилоят Кенгаши ҳамда шаҳар ва туман Кенгашлари аъзолари, партия фаоллари, хайрихоҳлар ва кўнгилли юртдошларимиз донор сифатида иштирок этишди.


“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ўтказилган беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.


Фотима Нуралиева, партия аъзоси, кўнгилли донор:           

— Бу йил анча синовли йил келди. Пандемия даврида касаллик зўрайиши   натижасида беморларда кўплаб қон ва қон маҳсулотларига зарурият сезилади. Халқимизда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғулари ҳамиша қадрланган. Айниқса, ўзбек халқи бемор ҳолидан хабар олиш, уларга кўмак кўрсатишни инсонийлик бурчи деб билади. Агар бемор кўзимизнинг оқу қораси бўлган фарзандларимиз бўлса, бу масъулият янада кучаяди. Юртимизнинг барча ҳудудидаги болалар кўп тармоқли шифохоналарида даволанаётган болажонларнинг соғайиб, оёққа туриб кетиши учун дори-дармонлар билан бир қаторда қон ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Кўнгилли инсоннинг болалар учун топширган қони бемор дардига шифо бўлиб, унинг ҳаётга бўлган ишончини оширади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ташкил этилган акциянинг тарғиботи менда акцияда иштирок этиш истагини уйғотди. Ушбу акция кўнгиллиларни бирлаштирди. Ўз фарзандларимиз учун биринчилардан бўлиб қон беришга доим тайёрмиз. Инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган акция болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди.

“Бор меҳримиз сенга, болажон!” беғараз донорлик акцияси вилоятда кўтаринки руҳда, партия фаоллари, хайрихоҳлар ва кўнгилли юртдошларимиз фаоллиги остида ўтди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+