Андижонда 100 та хонадонга 10 бошдан қуён тарқатилиб, янги иш ўринлари яратилди

28.05.2020 09:05:26

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21-22 май кунлари Андижон вилоятига қилган ташрифи андижонликлар ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Бугун қатор янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқдаки, бу ўз ўзидан иқтисодий жиҳатдан юксалиш ва аҳоли бандлигини таъминлайди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши фаоллари Президентимиз ташриф буюрган жойларда бўлиб, ўзгаришлар ва амалга оширилаётган ишларни  ўрганди.

Юртбошимиз Марҳамат туманидаги “Водий ҳамкор агрофирмаси” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган қуёнчилик кластери фаолияти билан танишиб, ҳар бир туманда мана шундай кластерлар ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва гўшт маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар. Чиндан ҳам 1 гектардан зиёд майдонда жойлашган мазкур кластер тажриба мактабига айланмоқда. Марҳаматлик тадбиркорлар кичик жойда ҳам катта даромадга эга бўлиш мумкинлигини амалда кўрсатдилар. Яна кооперация усулида 100 та хонадонга қуёнлар тарқатилиб, янги иш ўринлари яратилгани эътиборли.

2016 йилда ўз фаолиятини бошлаган ака-ука тадбиркор Ашуровлар соҳани ривожлантириш йўлида астойдил изландилар. Дилмуроджон қуёнларни парваришлаш, кўпайтириш ва озуқа заҳираси яратиш билан банд бўлса, укаси Ойбек хориж тажрибасига юзланди. Тез кўпаювчи, гўшти ва териси доим харидоргир зотларни олиб келиш ҳаракатида бўлди. Натижа кутилганидан самарали. Айни вақтда “Калифорния”, “Янги Зеландия”, “Фландер”, “Рекс” ва “Великан” зотли 1000 бош қуён парвариш қилиняптии. Бир йил давомида уларнинг сони 30 минг бошга етиши кутилмоқда.  Ҳар бир қуён икки килограмдан тош босса, жами 60 минг килограмм парҳезбоп гўшт етиштирилади.

Дилмуроджон Ашуров, корхона иш бошқарувчиси:

-Навбатдаги лойиҳани амалга оширишни олдимизга мақсад қилиб қўйгандик. Бунинг учун бизга 1 гектардан зиёд ер ажратиб берилди. Биринчи навбатда, ишни тўғри ҳужжатлаштириш замон талаби. Туман давлат хизматлари маркази ходимлари бу борада бизни қўллаб-қувватлади. Умумий қиймати 5,5 миллиард сўмлик лойиҳа асосида қурилиш ва зарур технологиялар билан жиҳозлашни якунлаб, янги жойда иш бошладик. Талаб даражасидаги ферма, қушхона, лаборатория, озуқа ишлаб чиқариш, қуён терисини ошлаш ва теридан телпак тикиш цехлари ишчи ҳолатда. Бу билан 45 та иш ўрни яратилди.

   Амалдаги йилда камида 3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Ички бозор билан чекланмай,  150 минг АҚШ долларилик экспорт қилиш ҳам режалаштирилган. 2019 йилда 21 минг бош қуён етиштирилган бўлса, амалдаги йилда бу рақам икки баробарга ортади. Сабаби, юқорида айтганимиздек, “Ўқчи”, “Увайсий”, “Миришкор” ва “Қўрғонча” маҳаллаларидаги 100 та хонадонга кооперация усулида 10 бошдан қуён тарқатилди. Уларнинг харидори ҳам ўзлари. Бу икки тараф учун қулай ва фойдали.

  Дарвоқеъ,  Андижонда  қуёнчилик йўналишида 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида кооперация усулида хонадонларда қуён боқиш кўпайтирилиб, экспорт ҳажми ошади. Ҳар бир туманда камида иккитадан кластер ташкил этилишини ҳисобга олсак, таъкидланганидек, Андижон қуёнчилик бўйича тажриба мактабига  айланади. “Водий ҳамкор агрофирмаси” МЧЖ бу мактабнинг асосчиси, десак муболаға бўлмайди.

                                      Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти Кенгаши матбуот котиби.

 Рустамжон ЭШОНОВ олган сурат

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+