Андижонга ташриф: 7 мингта оила янги хонадон билан таъминланади

19.02.2024 15:02:51

Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоятга ташрифи давомида фуқаролар билан очиқ, самимий мулоқот қилиши, муаммоларни жойида ўрганиши ва уларни ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар бериши, қарорлар қабул қилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши дунё мамлакатлари учун ўзига хос тажриба бўлмоқда.
Мазкур ташрифларнинг ўзига хос томони шундаки, муайян бир вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларини бошқариш, муаммолар бевосита ўша жойнинг ўзида аниқланиши ва уларни бартараф этиш бўйича бажарилиши лозим бўлган ишлар фуқаролар ва ҳудуд вакиллари билан биргаликда ишлаб чиқиш имконини беради.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида кўплаб ижтимоий-иқтисодий объектлар, ишлаб чиқариш корхоналари, таълим ва спорт масканлари ҳамда маҳаллалардаги шарт-шароитлар, режалаштирилган йирик лойиҳалар билан танишиб, вазирлик, идора, вилоят, шаҳар ва туман раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари билан учрашди. Раҳбаримиз халқнинг дардини эшитиб, фуқаролар билан маслаҳатлашди.
Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Хонобод шаҳрида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда вилоятда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уни янада ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. Қуйида ташриф чоғида қабул қилинган тадбирларнинг айримларига эътиборингизни қаратамиз.
Фуқароларнинг турар-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида янгича кўриниш ва мазмун касб этмоқда. Эътиборли томони шундаки, йилдан йилга фуқаролар учун барпо этилаётган уй-жойлар сони ортиб, уларни арзон нархларда сотиб олиш учун аҳолига бир кўплаб қулайликлар яратиб берилмоқда.
Бу йил Андижонда 190 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, 7 мингта оила янги хонадон билан таъминланиши, Асака туманида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилиши қайд этилди. Андижон, Асака ва Шаҳрихон шаҳарларида урбанизация дастури амалга оширилиши, аҳолиси 100 мингдан ошадиган Асака ва Шаҳрихон шаҳарлари вилоят бўйсунувига ўтказилиши белгиланди. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари томонидан қўшимча чоралар белгиланиши аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, замонавий ва сифатли уй-жойларни қуриш, ижтимоий соҳа объектларини барпо қилиш, янги инфратузилмаларни шакллантириш, республикамиз ҳудудлари қиёфасини бутунлай янги бир босқичга кўтаришга сабаб бўлиши шубҳасиз.
Шуни алоҳида эътироф этишимиз керакки, мамлакатимизда замонавий уй-жой қурилишининг ҳуқуқий асослари яратилган ва бу жараён аҳоли учун қулай ва мақбул шартлар асосида узоқ муддатга мўлжалланган ва имтиёзли фоизларда кредит бериш йўли билан амалга оширилмоқда. Зеро, бугунги кунда аҳолининг кенг қатлами учун замонавий уй-жойга эга бўлиш имконияти ва унинг қонунчилик базаси мавжуд бўлиб, бу ҳолат халқимизнинг турмуш даражасини ошириш ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Пўлат Ҳамзаев,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+