Ақлли тиббиёт - тиббий хизмат даражасини оширади

01.11.2019 12:11:53

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят ҳамда Шароф Рашидов туман Кенгаши томонидан туман тиббиёт бирлашмасида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш, “ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур давра суҳбатида партиянинг вилоят ҳамда туман Кенгаши фаоллари, халқ депуталари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутатлари,  туман тиббиёт бирлашмасига қарашли қишлоқ врачлик пункти ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан партиянинг Шароф Рашидов туман Кенгаши раиси Воҳид Саитхонов ривожланишнинг инновацион йўлидан бораётган мамлакатларда “ақлли” технологиялар барча соҳаларда кенг татбиқ этилаётганини айтди. “Ақлли уй”, “ақлли қишлоқ”, “ақлли шаҳар” каби тизимлар мамлакатнинг муваффақиятли ва барқарор ривожланишини таъминлаётганини таъкидлаб ўтди. Чунки “ақлли” технологияларнинг асосий мақсади — кам вақт ва куч сарфлаб, юқори натижага эришишдир. “Ақлли тиббиёт” ҳам айни шу мезон асосида ишлаб, касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи йирик бир тизим ҳисобланади. Бу эса фойдаланувчига исталган вақтда ва исталган жойда тиббий хизматдан фойдаланиш имконини яратади. Энг муҳими, хизмат сифати энг чекка қишлоқда ҳам, вилоятимиз марказларида ҳам бир хилда бўлиши таъминланади.   У ўз ичига бирламчи тиббий бўғиндан тортиб, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизматгача бўлган жараёнларни ҳам қамраб олади.

Қолаверса, тадбир иштирокчилари томонидан ҳозирги глобаллашув шароитида тиббиётда муваффақиятларга эга бўлиш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш ҳар қандай мамлакатда амалга оширила олмаслиги таъкидланди. Шу маънода ғурур билан такидлаш мумкинки, мамлакатимизда инсон ва унинг саломатлиги тўғрисида мавжуд бўлган ғамхўрлик мақтовга сазовор.

Шунингдек, давра суҳбатида  фуқаролар соғлиғини сақлашни таъминлаш соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, уларнинг турини кенгайтириш ва фойдаланишда қулайликлар яратишга асос бўладиган, тиббиёт соҳасининг ишлаб чиқариш жараёнларини ахборотлаштиришга қаратилган кўплаб муҳим лойиҳалар амалга оширилиши лозимлиги таъкидланди.

Тадбир сўнгида 20 нафар тиббиёт ходими партияга аъзо бўлди.

 

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+