Армонлар ушалди!

27.12.2023 15:12:13

Орамизда шундай инсонлар борки, маҳаллам, ватаним обод бўлсин, деб елиб югурадилар. Ёзёвон туманидаги Тошҳовуз маҳалласида истиқомат қилувчи Турдали ота Алломов бир йил аввал, “Адолат” СДП фаоли, “Севимли” телеканалининг Фарғона вилоятидаги мухбири Аҳрор Зиёга мурожаат қилиб, қишлоқ аҳолисининг оғирини енгил қилиш учун маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи Ёзёвонсой устига кўприк қуриш зарурлигини, бироқ йиллар давомидаги турли идораларга қилган мурожаати натижасиз қолаётганини билдиради. Маҳоратли журналист Аҳрор Зиёнинг лавҳаси эфир юзини кўриши билан мутасадди раҳбарлар бу эзгу ишни қўллаб –қувватлайдилар.

Ниҳоят, янги йил эшик қоқиб турган шу кунларда Тошҳовуз МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Ёзёвонсой устига қуриб битказилган пиёдалар кўприги фойдаланишга топширилди. “Қўқон йўл таъмир” МЧЖ қурувчилари томонидан қуриб битказилган ушбу кўприк қурилиши учун маҳаллий бюджетдан бир миллиард бир юз миллион сўм ажратилади. Сойбўйи томонига 250 метр асфальт ҳам босилди.
Кўприк очилиши маросимида туман сектор раҳбарлари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари, нуронийлар, маҳалла аҳли, ёш спортчилар қатнашдилар.

-Бу кўприк қурилиши билан бўлиниб қолган маҳалла аҳолиси яна бирлашди,-деди туман ҳокими Дилшоджон Джалилов.-Айниқса мактаб ўқувчилари учун қулай бўлди. Кўприк қурилишида қатнашган бунёдкорлар, уларга камарбаста бўлган маҳалла аҳли, нуроний отахонларга раҳмат. Ушбу кўприк қурилишида жамоатчилик назоратининг роли яққол кўринди. Турдали ота Алломовнинг хизматлари алоҳида.

Кўприк бунёдкорларига, жамоатчи назоратчи Турдали ота Алломовга миллий тўн кийдирилиб, совғалар тақдим қилинди. Отахонга республика Нуронийлар жамғармаси раисининг ташаккурномаси топширилди. Байрам баҳона халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритган 34-мактабнинг ёш спортчиларига ҳам совғалар улашилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар яратиб берилган қулайлик учун мамлакатимиз раҳбарига ва вилоят, туман мутасаддиларига ўз миннатдорчилик билдиришди.

Нуронийлар алвон лентани қирқиб, кўприкни очиб, ундан биринчи бўлиб ўтишди. Ёшу қарининг хурсандчилиги чексиз. Отахонлар юртимизга тинчилик-омонлик, шундай хайрли ишлар устида турган Президентимиз ва мутасадди ташкилот раҳбарларининг ишларига ривож тилаб, дуолар қилишди.

Адолатни қарор топгани, халқ учун яна бир хайрли ишга сабабчи бўлган журналист Аҳрор Зиё эса яна “Замон” информацион дастурига лавҳа тайёрлаб, ўз хурсандчилигини халққа улашди.

 “Адолат” СДП
Фарғона вилояти Кенгаши
   Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+