Авлодларимиз камол топаётган юрт

06.02.2020 12:02:10

Куни кеча давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев бошчилигида энг муҳим сиёсий тадбир бўлиб ўтди. Уч йилдирки, Президентимиз йил бошиданоқ Олий Мажлисга, бутун халқимизга мурожаат билан чиқмоқда. Уни тинглай туриб, ё ўқиб, уқиб олаётган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун, хусусан, бошқарув тизими учун муқаддас байроқ каби дастуриламал бўлиши лозим, деб ўйлайман.

Айниқса, яқиндагина халқ ишонч билдириб сайлаб қўйган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари мамлакатимиз тараққиётининг ҳар томонлама жадаллик билан олға интилиши учун курашга киришишлари, киришганида ҳам, хўжа кўрсинга, номигагина эмас, астойдил киришишлари зарур.

Халқимиз ҳаммадан кўра зийрак ва улуғдир. Янги ғоя “Ислоҳотлар ташаббускори ғояси билан яшаймиз.” Ҳар биримиз мана шундай улуғ мақсадлар билан яшашимиз шарт. Мамлакатимиз “Йил мамлакати” деб эълон қилинди. Беихтиёр тўлқинланасан киши. Ахир бу биз яшаётган, сизу бизнинг авлодларимиз камол топаётган мамлакат-ку!

2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Унинг замирида бир олам амалга оширилиши керак бўлган ишлар, ютуқ ва муваффаққиятлар мужассам. Илм-маърифат, юксак маънавият сув билан ҳаводек зарур. Юксак билимли авлод порлоқ келажагимз гарови, бунинг учун ўқиш ва изланиш муҳим.

Боғча ёшидаги болаларни мактабга тайёрлаш, бу борадаги ишларни янада  мукаммаллаштириш, Ўзбекистон бўйлаб 600 дан ортиқ ўрта махсус муассасаларини ташкил этиш, мамлакатимиздаги барча қишлоқ ва маҳаллалар 2 йил ичида тезкор интернет билан таъминланиши, ўқитувчиларга ҳар томонлама эътиборни кучайтириш, уларнинг ойлик маошларини ошириш, ўқиш учун давлат грантлари икки баробарга оширилиши ва бошқалар халқимиз келажаги учун қилинаётган ниҳоятда улкан ишлардир.

Хотин-қизларимизга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш устувор вазифалардан бири бўлмоқда.

Мутахассисликларга эга бўлмаган фанлар олий ўқув юртлари дастурларидан олиб ташланади. Айрим мутахассисликлар тайёрловчи йўналишларга ўқиш 3 йил қилиб белгиланади. Математика, кимё, биология фанларига бўлган эътибор кучайтирилади. Бу эса барчага ўзгача руҳ, ўзгача шукуҳ бағишлади. Унинг замирида эса бир олам қувонч мужассам.

Мурожаатноманинг ҳар бир сатридаги устувор вазифаларни амалга оширилиши мамлакатимизни энг тараққий этган давлатлар қаторида муносиб ўрин эгаллашига, халқимизнинг турмуш фаровонлигининг ошишига  замин яратади.

Мадина ВАҲОБОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+