Аёл борки, олам мунаввар!

06.03.2020 20:03:17

        Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё  вилоят Кенгаши партиянинг Термиз туман Кенгаши билан ҳамкорликда тумандаги 16-ўрта умумтаълим мактабида  8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёл  борки, олам мунаввар” мавзусида маънавий-маърифий  тадбир ташкил этди.

       Тадбирда  партия вилоят ва  туман Кенгаши ходимлари,  халқ депутатлари  туман Кенгаши  депутатлик гуруҳи аъзолари, БПТ аъзолари,  педагог ўқитувчилар ҳамда мактаб ўқувчилари иштирок этишди.

Тадбирни Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Шуҳрат Ҳаитов очди ва мактабда фаолият кўрсатаётган  аёлларни ва ўқувчи қизларни байрам билан самимий муборакбод этди. Шундан сўнг сўз олганлар мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва изланишларини рағбатлантириш, уларнинг самарали меҳнат қилиши, истеъдод ва ишбилармонлик салоҳиятини намоён этиши учун барча имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидлашди.  

       Гулчеҳра Турдиева, Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати:

- Аёл бир қўли билан бешикни, иккинчи қўли билан эса дунёни тебратишга қодир бўлган муҳтарама зот ҳисобланади. Шу боис, истиқлол йилларида  юртимизда хотин-қизларимизга чексиз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўринлари йилдан-йилга фаоллашиб бормоқда.

       Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизлар ҳақида ҳар қанча ғурурлансак оз. Нега десангиз, айнан опа-сингилларимиз билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

   Қалбидан қуёш ҳарорат олган, меҳрининг тафти юракларга куч-қувват ҳадя эта олган мунис аёлларимизни, муҳтарама онахонларимизни, гўзалликда танҳо лобар опа-сингилларимизни энг улуғ айёмлари билан муборакбод этамиз.

      Шунингдек, тадбирда партиянинг 25 йиллиги муносабати билан мактабда фаолият юритаётган яна 36 нафар ходимлар партияга аъзо қилиниб, аъзолик билети топширилди.   

     Тадбир давомида мактабнинг ҳаваскор ёшлари ижросидаги мафтункор куй ва қўшиқлар иштирокчилар кўнглини хушнуд этди.

      Тадбир сўнггида партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, хотин-қизларни жамоатчилик ишларига кенг жалб қилиш, маънавий-маърифий ишлар ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирларини таъминлашдек эзгу ишларда муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизлар партия вакиллари томонидан эсдалик ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

 

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+