Аёл борки-олам мунаввар!

06.03.2024 11:03:00

Жамиятнинг асоси ва асосий ҳалқаси бўлмиш оилани аёлсиз тасаввур қилиш қийин. Аёлга муносабат – миллат, давлат, эртанги кун ва келажак авлодга бўлган ҳурматни намоён этишнинг асосий мезони ҳисобланади. Бу кўҳна тарих Тўмарис, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Увайсий, Зулфия, Саида Зуннуновадек буюк аждодларимизнинг миллатимиз шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳдир. Уларга хос ноёб фазилатлар замонамиз ўзбек аёллари сиймосида ҳам мужассамлиги қалбимизга чексиз фахр ва ифтихор бахш этади.

Мамлакатимиз сиёсий майдонида халқчил ва ҳаётий ғоялари билан алоҳида ўрни ва обрўсига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг асосий тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, жамият ижтимоий–сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни изчиллик билан амалга оширишни  энг зарурий вазифаларидан бири деб ҳисоблайди. Шу нуқтаи назардан, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, ижтимоий–сиёсий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, муҳожирларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш масалаларига кенг эътибор қаратиб келади. Бугунги кунда, “Адолат” СДП таркибида жами аъзолари сони 635 083 дан зиёд бўлиб шундан аёллар 325 873 (51%) хотин-қизлар ташкил этаётгани қувонарли ҳол. Партия ўзига билдирилган бу каби юксак ишончга муносиб бўлиш йўлида хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаб, манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали хотин-қизларни ҳамда ёшларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга, аҳоли учун кафолатланган ижтимоий кафолатларни таъминлашга ҳамда эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келади.

-Аёл оила қургач, фамилиясини ўзгартиради, уйини ўзгартиради, оиласини ўзгартиради, бошқа уйга кўчади, ҳомиладор бўлади, ҳомиладорлик унинг вужудини ўзгартиради, танадаги шишлар, оғриқлар, чидаб бўлмас тўлғоқ азоби, икки йўл орасида қолиб, соғлом чақалоқ дунёга келтиради, умрини сўнги кунига қадар қиладиган барча иши, емак пишириш, уйингизни тозалаш, онангиз ва отангизнинг хизматида бўлиш, фарзандларни катта қилиш, тарбия бериш, бутун оила муносабатларини бир маромда ушлаб туриш, оилага фойдаси бўладиган барча нарсани, ҳатто соғлиғидан, гўзаллигидан, қизиқишларидан кечиб бўлса ҳам, қилади.

Албатта, келажаги буюк, эртаси фаровон бўлишини истаган халқ миллат давомчиларини қай соҳа вакили бўлмасин кўнгли тинч, ҳаёти фаровон бўлиши учун ҳаракат қилади, муносиб турмуш кечиришлари учун шароит яратади.

Халқимиз ҳамиша хотин-қизларимизнинг бу каби фидокорона хизматларини юксак баҳолаб келган. Бу борада давлатимиз раҳбари энг фаол ташаббускорлардан бири сифатида барчага ўрнак кўрсатиб келмоқдалар. Муҳтарам президентимиз томонидан Гендер стратегияси доирасида гендер тенглик тушунчаси жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият, таълим, илм-фан, спорт муносабатларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларининг тенглигини англатади. Гендер стратегиясини амалга оширишдан салмоқли натижаларга эришиш кутилмоқда. Хусусан, юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиёти кенгайди. Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносиблик таъминланмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойларидаги оилалардаги хотин-қизларни иш билан таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек ўзини ўзи банд қилишга эришилди.

Энг асосийси – хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олди олиниб, жамиятда хотин-қизларга нисбатан шаклланган салбий қарашларга барҳам берилмоқда. Бу – кутилаётган натижаларнинг бир қисми, холос. Мазкур Стратегиянинг муваффақиятли амалга оширилиши барча ҳамкорлар ва турли даражадаги масъулларнинг фаоллигини талаб қилади. Белгиланган даврда Стратегия мақсадларига эришиш аввало мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётини жадаллаштириш, демакки халқ фаровонлигини юксалтиришга, жамиятдаги кўплаб муаммоларни ҳал қилишга, кундалик ҳаётимизнинг янада яхши томонга ўзгаришига хизмат қилади. Бу каби эзгу мақсадли ишлар самарасини барча опа-сингилларимиз ўз ҳаётлари, умр йўллари давомида ҳис этишмоқда. Шу билан бирга кўрсатилаётган меҳр-муҳаббатни юксак баҳолаб, барча соҳаларда ўз билим ва салоҳиятлари билан муваффақиятли фаолият юритиб келаётган хотин-қизларимиз нафақат оилада балки спортда ҳам моҳир эканликларини намоён этиб, жаҳон ареналарида давлатимиз байроғини кўкларга кўтаришмоқда. Ер юзидаги энг машҳур, йирик компанияларда меҳнат қилиб, ўзбекларнинг юксак салоҳиятини бутун дунёга намойиш этишмоқда.

“Адолат” СДП ҳар бир аёл пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлиши тарафдори сифатида, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, ижтимоий–сиёсий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, муҳожирларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш масалаларига янада кенг эътибор қаратиш йўлидан борамиз.

Мамлакатимизда баҳор нафаси кезиб юрган бир вақтда, яшариш, янгиланиш фаслидек нафосатли ва гўзал хотин-қизларимизни кириб келаётган 8 март Халқаро хотин-қизлар байрами билан самимий муборакбод этамиз. Оилангизга файзу барокат, тинчлик-хотиржамлик ва битмас-тугунмас бахт-саодат тилаймиз.

Ҳамиша эл-юрт ва оилангиз, яқинларингиз ардоғида бўлинг!


Комилов Элёр,
Ўзбекистон "Адолат" СДП,
Мафкура бошқармаси бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+