Аёл – буюк ва беқиёс мўъжиза

12.02.2022 10:02:16

Аёл ҳақида сўз кетганда уларга яратганнинг буюк мўъжизаси, нафосат ва садоқат тимсоли, дея таърифу тавсиф берилади.

Дарҳақиқат, аёлларимиз эркакларимиз билан биргаликда бутун умрини оиласи, фарзандлар тарбияси ва ўз касбига бағишлаб, рўзғор юки ва ташвишларини нозик елкасида кўтариб келмоқда.

Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади, дейишади. Бугун ҳам юртимиз аёллари давлатимиз ва жамиятимизнинг ардоғида, эътиборида. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, опа-сингилларимизнинг оғирини янада енгиллаштириш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мўътабар оналар, опа-сингилларимиз, дилбар қизларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни нафақат вазифа, балки инсоний бурч эканини алоҳида таъкидлади.

– Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади. Шунинг учун ҳам барчамиз – Президентдан тортиб энг қуйи бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар ана шу олий мезонга амал қилиб ишлашимиз зарур. Шундагина халқимиз ҳам, яратган ҳам биздан рози бўлади,–деди Юртбошимиз.

Албатта, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларимиз учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.

Албатта, Юртбошимиз таъкидлаганидек, бугун барча соҳаларда ташкилотчи ва ташаббускор опа-сингилларимиз турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритишмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан юртимиз вазирликлари, давлат идоралари ва корхоналари ўртасида ўтказилган «Гендер тенглик фаоли» миллий танловида Навоий кон-металлургия комбинати ғолиб деб топилди.

Президентимизнинг биз аёлларга билдирган ишончлари ва эътирофлари кўп минг кишилик жамоамиз вакиллари қалбига чексиз қувонч, фахру ифтихор бағишлайди ва янги марраларга руҳлантиради.

Дарҳақиқат, аёл – мўъжиза, аёл – ой, аёл – қуёш, аёл – ҳаё маликаси, аёл – муҳаббат маъбудаси, аёл – меҳр уммони, санайварсак, минг бир сифатни келтириш мумкин, аёл ҳақида. Аммо аёлга, аввало, энг буюк ва муқаддас рутба ато этилганки, бу ҳам бўлса фарзандни дунёга келтириш, авлод давомийлигини таъминлашдек улуғ неъматдир. Ҳа, аёл биринчи галда она сифатида юксак қадр-қимматга, ҳурмат-иззат, эҳтиромга муносиб. У ўз зурриётига қалб қўрини, бутун борлиғини, ҳатто жонини беришга тайёр инсон, миллат тарбиячисидир.

Жамиятнинг энг мураккаб муаммоларидан тортиб, оилавий ташвишлар, рўзғор икир-чикирларини аёл заковати оқилалик билан ҳал эта олишга қодир кучдир. Айниқса, Тўмарису Бибихонимлар авлоди саналмиш ўзбек аёлининг нафосати, латофати, метин иродаси, сабр-бардоши, фидойилиги қаршисида ҳар қанча таъзим бажо айласак, шунча кам.

Буюк бобокалонимиз ҳазрат мир Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарларида оилада аёлнинг мавқейи ҳақида мулоҳаза юритиш баробарида, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини алоҳида эътироф этадилар ва улуғлайдилар. Ул зотнинг таърифларича, аёл агар оқила, саранжом, кўнгилга ёқимли бўлса, оилани гул қилади. Шунинг учун аёлни қадрлаш, оиланинг таянчи, деб эъзозлаш лозим. Қувонарлиси, Навоий бобомизнинг аёлни эъзозлаш ҳақидаги ўгитлари бугунги ҳаётимизда яққол ўз ифодасини топмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона давлат сиёсати ва ҳаётбахш ислоҳотлар негизида аёллар масаласи доимий диққат марказида экани ана шу фикримиз далилидир.

Зеро, аёлга эҳтиром кўрсатиш — давлатга, жамиятга, миллатга, эртанги истиқболи кулган кунимизга, келажак авлодимизга эҳтиром кўрсатиш демакдир.

Аёлларимизнинг бахти — халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир!

Навоий шаҳар Кенгаши депутатлари,

Навоий Вилоят «Баркамол авлод»

болалар мактаби директори,

Раҳматова Муқаддас Бекпўлатовна

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+