Аёллар ва ёшларга эътибор – оила ва жамият келажагига эътибор

14.10.2020 15:10:02

Давлатимиз раҳбари Президентлик вазифасига киришган дастлабки кунлардан аёллар ва ёшлар масаласига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида жамият келажаги ва мамлакат тарақкиёти, оилалар фаровонлигига хизмат қиладиган муҳим омил.

Жорий йил 8 октябрь куни Президентимиз раислигида ўтказилган жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига қаратилган видеоселектор йиғилишида ҳам яна бир бор эътибор қаратилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

 Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ушбу икки йўналиш бўйлаб Ўзбекистонда давлат сиёсатини маҳалла даражасигача юритадиган вертикал тизим яратилди. Ёшлар масалалари бўйича ҳар бир туманда алоҳида ҳоким ўринбосари, унинг 3 нафаргача мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимининг 3 нафар ходими, вилоятда ҳам ҳоким ўринбосари, унинг 4 нафар мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармасининг 11 нафар ходими ажратилганлиги, ҳеч бир аёл яки ёш йигит-қизнинг муаммоси эътибордан четда қолиши мумкин эмаслигидан далолатдир.

 Айни кунда ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари фаолият кўрсатаётгани, хотин-қизларга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромнинг бир кўринишидир.

Ушбу видеоселектор йиғилишида аёллар ва ёшлар масаласида янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.

Унга кўра ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантирилиши ва бу рўйхатлар “темир дафтар”дан алоҳида бўлиши, унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилиши белгилаб берилганлиги мамлакатимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи хотин-қизларга, бола тарбияси билан банд бўлиб, сўнгра ишсиз қолган оналарга бўлган оталарча ғамхўрлик намунасидир.

– Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш, деган Президентимизнинг қанотли сўзлари ўша куни ОАВ орқали кенг жамоатчиликга етказилган вақтнинг ўзида қанчадан-қанча оилаларга қувонч, қалбларда келажакка мустаҳкам ишонч туйғуларини олиб киргани ҳақиқатдир.

Шулар қатори аёллар ва ёшларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, ёлғиз кекса аёллар билан ишлаш буйича ҳам аниқ вазифалар белгиланди.

Айниқса “дафтар”лар билан ишлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилганлиги биз партия фаоллари ва депутатлар олдига юксак масъулият юкламоқда.

Ўзбекистон «Адолат» СДП сайловолди дастурида жамиятнинг ижтимоий–сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишда давом этиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни изчиллик билан амалга ошириш тарафдори эканлиги баён этилган.

Аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва микромолиявий хизматлар кўрсатишдан иборат комплекс дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларга йиллик 4 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилиши, юқоридаги мақсадларни амалга ошириш механизмларидан бири ҳисобланади.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, давлатимиз раҳбари томонидан касб ва лавозимлар классификатори бугунги замон ва меҳнат бозори талабларига мос келмаслиги аниқ мисоллар билан келтириб ўтилди. Айрим касбларни таёрлашда IT-марказлари имкониятларидан фойдаланиш мумкинлиги таъкидланди.

Мана шуларни ҳисобга олиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Касб ва лавозимлар классификаторида олий маълумот талаб қиладиган мутахассисликлар ва лавозимларни қисқартириш вазифаси қўйилиши меҳнат бозорида иш қидираётган кўп минг сонли аёллар ва ёшлар учун имконият ва имтиёзлар кенгайишидан далолат беради.

Энг асосийси, ушбу юксак аҳамиятга эга видеоселектор йиғилишининг партиямиз Аёллар қаноти Кенгаши Конференцияси арафасида ўтказилганидир.

Албатта, ушбу конференцияда видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар бўлишига ишонаман.

 

     Улбосын СЕЙТЖАНОВА,

Халқ депутатлари

Нукус шаҳар Кенгаши депутати,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси

Аёллар қаноти Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+