Аёлларга зўравонлик қилманг

14.02.2024 14:02:09

Хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоялаш мақсадида “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Элликқалъа туман Кенгаши томонидан туман санъат мактабида Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий ва маҳаллий бўлимлари билан биргаликда “Аёлларга зўравонлик қилманг” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди.


Зўравонлик – тазйиқ ва таҳқирлашлар орқали шахс устидан назорат қилишдир. Яъни зўравонлик жабрланувчи ва унинг ҳаёти устидан назорат қилишни онгли равишда ўрнатишдир.


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 15 ва 49 ёшидаги хотин-қизларнинг 25 фоизидан кўпроғи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келишади.
Ўзбекистонда 2023 йилда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 48 мингга яқин хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Афсуски, бу зўравонликларнинг 87 фоизи оилаларда содир этилган.
Уларга нисбатан зўравонлик акс этган рақамлар аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Бунга сабаб эса аёлларнинг андиша қилиб, кўп ҳолда зўравонликларга кўз юмишидир.
Ўтказилган сўровнома натижасига қаралса, унда иштирок этган аёлларнинг 42 фоизи ўзи ва фарзандларини боқа олмаслигидан қўрқиб зўравонликка чидаса, яна 38 фоизи бошқалар томонидан муҳокама (гап-сўз) бўлишдан қўрқиб, зўравонликка кўз юмади.
Маърузачилар томонидан бу кўрсаткичлар ривожланган демократик Ўзбекистон учун жуда ачинарли ҳолат эканлиги ва бунинг олдини олиш чоралари кўрилишини таъкидлашди.
Шу билан бирга, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Дадахон Ҳокимбоев сўзга чиқиб, кейинги йилларда хотин-қизларга яратилган имкониятлар ва гендер тенглик бўйича маълумотлар берди.
Суҳбат якунида хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда давлат ва фуқаролик институтларининг фаоллиги, ҳамкорлигини ошириш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди. Дарҳақиқат, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бугунги кунда наинки мамлакатимизда, балки жаҳонда тобора долзарблик касб этаётгани, унинг олдини олишда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги тадбирда алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон “ Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+