Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаймиз!

18.03.2024 12:03:45

Хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида гап кетганда, энг аввало, бу ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, уни қай даражада долзарблигини тушунтириб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Яккабоғ туман Кенгаши томонидан Мустақиллик МФЙда “Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаймиз” мавзусидаги тадбирда шулар хусусида фикр юритилди.


- Зўравонликка учраган аёлларнинг жуда кам қисми тегишли жойга мурожаат қилади, - деди ҳуқуқшунос Абдураҳмат Кенгбоев. - Хотин-қизларнинг аксарияти қўрқув ва бошқа сабаблар билан тазйиқларга тоқат қилишга мажбур. Давлатимиз томонидан аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш учун “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” қонун қабул қилинди. Шу асосда вилоятимизда кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Мана бугунги тадбиримизда ҳам зўравонликдан жабрланган опа-сингилларимиз тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби ҳуқуқларга эга эканликларини тушунтираяпмиз. Шу билан биргаликда жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.
- Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиси махсус марказга жойлаштирилган ҳолларда унинг иш жойи ва маоши тўлиқ сақлаб қолинади, - деди партия фаоли ҳуқуқшунос Дилрабо Чориева. - Қашқадарё вилоятининг ўзида 100 нафардан ортиқ ичкиликка муккасидан кетган ва аёлига, фарзандларига тазйиқ ўтказувчи эркаклар рўйхатга олинган. Минг афсуски, ҳали ҳам аёллар муаммони ошкора айтишдан ва эрига чора кўришни сўраб, мурожаат қилишдан чўчишади.
Шунингдек, тадбирда вилоятдаги марказларга мурожаат қилаётган хотин-қизларга психологик, ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилиб, партиянинг “Бир адолатчи юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида 50 нафар аёллар иш билан таъминланиб, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кредитлар ажратилгани айтиб ўтилди.
Тадбирда мутахассислар иштироки таъминлангани боис, кўплаб маҳалла хотин-қизлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Учрашув савол-жавоблар асосида бўлиб ўтди.

Дилафруз Ёвқочдиева,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
“Аёллар қаноти” фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+