Бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир

23.05.2020 21:05:42

Биламизки, дунё яралгандан бери инсонлар ҳамиша бир-бирига интилиб яшаганлар. Ҳаёт тақозоси билан кимдир кимнингдир ёрдамига муҳтожликдан, кимдир руҳий мадад олиш учун, кимдир илм ўрганиш учун ҳамкорлик қилиб келадилар.

Аммо атрофимизда яхшилик ва ёмонлик, ёвузлик ва эзгулик, жаҳолат ва маърифат ҳамиша бир-бири билан тўқнашган, бир-бири билан курашиб келади.

Бугунги кунда жаҳондаги тинчлик ва барқарорликка миллатлараро ва динлараро зиддиятлар ҳамда терроризм жиддий ҳавф туғдирмоқда. Гарчи Ўзбекистонда мустақиллик йиллари миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини сақлаш борасида изчил сиёсат олиб борилган ва бу борадаги ишлар янги давр талабларидан келиб чиқиб давом эттирилиб келинаётган бўлса-да, глобаллашув шароитида ҳотиржамликка берилиш асло мумкин эмас.

Замонавий давлатнинг мақсади жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорликни, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат. Зеро, мамлакатимизнинг тараққий этиши авваламбор ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитининг сақланишига боғлиқ. Бу масалаларга Президентимиз Ш.М.Мирзиёев турли йиғилиш ва анжуманларда, шу қатори халқаро майдонда ҳам тинимсиз халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиб келмоқда. Президентимизнинг: “Биз юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича фаолиятимизни ҳар томонлама кучайтиришимиз шарт. Бу – замон талаби. Жамиятимизда диний конфессиялар ўртасида ҳамжиҳатлик ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлашни биз бундан буён ҳам энг долзарб ва эзгу вазифамиз деб биламиз”, – деган сўзлари барчамиз учун дастурамал вазифасини ўтамоғи даркор.

Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққиётини мамлакатда истиқомат қиладиган 130дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлигисиз, расман рўйхатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни шу каби тадбирлар доирасида ўрганиш фуқаролар ва бўлажак раҳбарларнинг мамлакатимизда демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг янги босқичида амалга оширилаётган қатъий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаб етиши, бунда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустахкамлаш ва  мамлакатдаги барқарорликни сақлаш билан боғлиқ ишларда фаол иштирок этиши ҳамда бу йўлда уларга руҳий куч-қувват бериши шубҳасиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан ахамиятлидир.

Президентимиз шу йилнинг январь ойида Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида “Биз жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Бу борада 30 июль – “Халқаро дўстлик куни” муносабати билан юртимизда биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги” ни ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказишни таклиф этаман, деган эзгу ғоялари барчамизни янада бир – биримизга хамжихат бўлишимизга туртки бўлди.

Биз “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат Дастурида худди шу йўналишдаги устувор вазифалар белгиланиб, амалга оширилаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Мамлакатимиз азал-азалдан турли миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилиб, дўстона, биродарликда, тинчлик-тотувликда яшаган ўлка ҳисобланади. Тарихдан маълумки, аждодларимиз юртимиздаги бошқа дин вакилларига ҳамиша ҳурмат ва эҳтиромда муносабатда бўлганлар. Ватанимизнинг ривожланиш босқичларида, унинг ҳар бир ютуғи, ижтимоий- иқтисодий жиҳатдан равнақ топишида ҳам улар ҳалол меҳнатлари билан бир-бирига елкадош бўлиб хизмат қилганликлари кўпгина тарихий манбаларда қайд қилиб ўтилган. Бу борада жаҳондаги мавжуд етук давлат арбоблари хам Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва уларни тенглигини таъминлаш борасида қилаётган аниқ мақсадларини юксак эътироф этмоқда.

-Бугунги кунда бағрикенглик инсоният томонидан эришилган энг катта ютуқлардан биридир. Бундан кейинги тараққиёт учун ҳам у муҳим омиллардан бўлиб қолаверади. Ўзбекистонда турли конфессия вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, бағрикенглик муҳити таъминланган,-дейди Ўзбекистондаги Рим-католик черкови епископи Еже Мацулевич.

Жонажон Ватанимизда кўплаб диний ташкилотлар ҳам фаолият олиб бораётганлиги озод ва обод ҳаётда яшаётган халқимиз бағрикенглигининг бу борада қилинаётган амалий ишларда ўз ифодаси топиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”. Зеро тинчлик хукм сурган юрт тараққий этади.

 

                                                                   Равшанбек ЖУМАНИЁЗОВ,

                                                           Урганч шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+