Барқарор ривожланиш мақсадлари: 2030 йилгача таълим олиш сифати янада юксалади

27.05.2020 15:05:28

2015 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон БМТ Саммитида эълон қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларининг миллий даражада бажарилиши бўйича шартларини қабул қилди. Шунга кўра, 2018 йил 20 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ўзида 16 та мақсад ва 225 та вазифани қамраб олган бўлиб, Юртбошимиз ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясига тўлиқ ҳамоҳангдир. Унинг асосида аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш, одамлар саломатлигини муҳофазалаш, иқтисодиётни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг тўртинчиси — “Сифатли таълим”га бағишланган бўлиб, Ўзбекистон бу соҳада изчил ислоҳотлар жараёнини олиб боряпти.

Юртимизда таълим соҳасида инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш мақсадида таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига устувор аҳамият қаратиляпти.

Ота-оналар, жамоатчилик истаги инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими қайта тикланди. Сўнгги уч йилда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилди. Миллатимизнинг буюк намояндалари бўлган Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номида иқтидорли болалар мактаблари ташкил этилиб, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш ҳамда бу соҳани тараққий эттириш билан шуғулланадиган ёшларнинг янги авлодини тарбиялашдек шарафли жараён бошланди. Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхонтўра Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номи билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактабларининг бунёд этилиши эса ёш авлод вакиллари учун янги имкониятларни очиб берди.

Педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида охирги 3 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда. Бу олис ҳудудларда етишмаётган мингдан зиёд ўқитувчини жалб этиш имконини берди.

Ҳозирги кунда “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири парламент қуйи палатасида қабул қилинди. Уни ишлаб чиқиш жараёнида 20 дан ортиқ хорижий давлатнинг таълим тўғрисидаги қонунлари ўрганилди. 30 га яқин вазирлик ва идоралар, таълим соҳасида фаолият юритаётган 50 дан зиёд мутахассис ва 100 дан ортиқ фуқаро қонун лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини билдирди. Янги таҳрирда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатда боблар сони 5 тадан 12 тага ва моддалар сони 34 тадан 70 тага етказилди. Унда амалдаги қонуннинг 33 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, мазмунан тўлдирилди ҳамда илғор хорижий давлатлар тажрибаси инобатга олинган ҳолда 36 та янги модда қўшилди.

Давлатимиз раҳбарининг юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги, шунингдек, математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари юртимизда соҳалар бўйича таълим сифатини яхшилаш, илмий-тадқиқотларнинг натижадорлиги ва амалий аҳамиятини оширишнинг мақсадли дастурини тасдиқлаш, соҳага ихтисослаштирилган мактабларни босқичма-босқич ташкил этиш борасидаги муҳим масалаларнинг ҳал этилишини таъминлайди.

Барқарор ривожланиш мақсадларининг миллий индикаторлари ва вазифалари қаторида умумқамровли ва сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш мақсади бўйича 2030 йилгача ўқитувчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш орқали ўқитувчилар сонини жиддий равишда кўпайтириш мўлжалланган.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+