Белгиланган вазифаларга қатъий амал қилиб ҳам пандемияни енгамиз, ҳам мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтирамиз

14.08.2020 15:08:22

Коранавирус пандемияси давлатларнинг илм-фани, тиббиёти билан бирга уларнинг иқтисодиёти, саноати каби соҳаларини ҳам синовдан ўтказмоқда. Ушбу мураккаб вазият нафақат кўплаб давлатлар, балки бутун дунё иқтисодиётига салбий таъсир ўтказди. Кўплаб давлатлар иқтисодиёти инқирозга юз тутди.

Мамлакатимизда ҳам мавжуд вазиятни олдиндан тўғри баҳолаб, кўрилган тезкор чоралар, корхоналарга, тадбиркорлик субъектлари учун берилган имтиёзлар туфайли иқтисодиётимизнинг курашувчанлик қобилияти оширилди.

Шу билан бирга, иқтисодиёт ва саноатни барқарорлаштириш учун қилинадиган ишлар бисёр. Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида “Ҳудудларда саноатни ривожлантириш. рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш занжирини ташкил этиш чора-тадбирлари”га бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳам шу масалаларга бағишланди.

Бугунги пандемиянинг давом этиши ва карантин ҳолатидаги чекловлар мамлакатимизнинг иқтисодиётига, саноатини ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши барчага аён. Аҳолимиз эса пандемия шароитида санитария-гигиена қоидаларга риоя қилган ҳолда ишлашга ва яшашга кўникмалар ҳосил бўлганлиги Президентимиз томонидан қайд этилди.   Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар натижасида касаллик билан курашга янги тиббий усуллар жорий этилди, чет эллардан (Россия, Корея, Хитой ва бошқа) йирик мутахассислар жалб қилинди, ихтисослашган шифохоналар ташкил этилди. Партиямиз электорати ҳисобланган шифокорларнинг фидойи меҳнати эвазига бугунги кунда касалланганларнинг умумий сонидан 75 фоизи даволанди.

Мамлакатнинг ижтимоий иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш мақсадида қатъий интизом билан белгиланган чора-тадбирларни юмшатиш зарурлиги давлат раҳбари томонидан белгилаб берилди. Чунки, саноат ишлаб чиқариш ҳажмлари пасайганлиги, янги иш ўринлар яратилиши бўйича режалар бажарилиши орқада қолишларини тезда олдини олиш талаб этилмоқда.  Шунинг учун бугунги кунда чекловларни юмшатиш даври келди ва Республика комиссиясига шу бўйича тегишли қарор қабул қилиниши топширилди.

“Адолат” СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракция депутатлари бу ўз вақтида ва тўғри қарор қилинганлиги эътироф этилди. Чунки жорий йилнинг қарийб 8 ойи ўтган бўлса-да мамлакатни иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш ва аҳолини даромадларини кўпайтириш ўта долзарб масаладир. Белгиланган чора тадбирларни юмшатиш албатта санитария қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда ташкил этиш зарур бўлади. Пандемия жараёни қандай кечиши ва даври бўйича аниқ маълумотлар йўқ, уни башорат қилиш мушкул. Ушбу даврда депутат сифатида ўз сайловчиларимиз ва фуқароларимизга мурожаат билан айтамизки, мамлакатимиз ривожланиши, аҳолимиз фаровонлигини таъминлаш мақсадида ҳар биримиз ўзимизни ва оила аъзоларимизни сақлаган ҳолда барча санитария қоидаларга риоя қилган ҳолда. меҳнат қилишимиз ва ҳаёт кечиришимиз зарур бўлади.

Шунингдек, ушбу йиғилишда таълим, соғлиқни сақлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Маълумки, пандемия синови таълим тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ўрта мактаб ва олий таълим муассасалари қачондан, қай тартибда фаолият кўрсатиши кун тартибидаги асосий масалалардан бири. Бу масала бўйича ҳам мутасадди ташкилотларни аниқ хулосалари асосида қарор қабул қилиниши белгиланди.

Албатта жойларда белгиланган чора тадбирларни юмшатиш масалаларига ўта жиддий ёндашиш лозимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб берди. Ҳар қандай эътибордан четда қолган масала эртага оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боисдан карантин қоидаларини юмшатиш жойлардаги халқ депутатлари Кенгашлари қарори ҳамда секторлар раҳбарларининг қатъий ҳаракатлари билан жорий этилиши белгиланди. Бу жараёнга Сенат ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти бошчилик қилиши топширилди.

Ҳозирда Олий Мажлис томонидан барча туман, шаҳар ва вилоят миқёсида кенгайтирилган Кенгашлар ўтказилиши, уларни кун тартиби шакллантирилмоқда. Давлат раҳбари топшириқлари асосида ушбу Кенгашлар сессиясида тиббиёт бирлашмаларнинг аҳолига мурожаати эълон қилинади. Унда маҳаллий депутатлар томонидан жойлардаги пандемия ҳолатига холисона баҳо берилиб чора тадбирларни юмшатиш белгиланади. Шу билан бирга касалликни олди олиш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш лозим. Бунда депутатлар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ҳамда овқатланиш қоидаларни жорий этишга оид тадбирларни амалга ошириш ҳамда аҳоли орасида кенг тарғибот ишларини олиб бориши ҳам ўта муҳим масаладир.

Бундан буёғи барчаси ўзимизга боғлиқ. Белгиланган вазифаларга қатъий амал қилиш орқали ҳам пандемияни енгишимиз, ҳам мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришимиз мумкин. Шундай экан ортга йўл йўқ ва хато қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+