Бемор болажонларга байрам тадбири ташкил этилди

27.12.2022 15:12:44

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида Янги йил арчаси байрам тадбири ташкил этилди. 

Республика Онкология диспансери Тошкент шаҳар филиалида ўтказилган байрам тадбирида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ва Марказий аппарати аъзолари, «Ёшлар парламенти» аъзолари ҳамда Тошкент шаҳар Кенгаши ходимлари, шунингдек, партиянинг «Ёш адолатчилар» ва «Аёллар қаноти» фаоллари, қолаверса, таниқли санъаткорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Таъкидлаш керакки, бу каби тадбирлар «Адолат» СДП тарафидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинади. Мақсад эса бемор болаларга руҳий мадад бериш, оз бўлсада уларнинг хурсандчиликлари учун кўмаклашишдан иборат.

Тадбирда сўзга чиққан партия вакиллари ҳамда шифохона ходимлари болаларни байрам билан қутлаб, уларнинг соғайиб кетишлари, соғ-саломат ота-оналари бағирларига қайтишларига тилак билдирдилар.

Байрам дастурига ташриф буюрган қорбобо ва қорқизлар болажонларга совғалар тақдим этди, ўзларининг энг яхши тилакларини билдирдилар. Болажонлар саҳнага чиқиб ёд олган шеърлари ва ашулаларидан намуналар айтиб беришди.

Тадбирга янада қизғин тус бериш мақсадида турли хил эртак қаҳрамонларининг саргузаштларидан иборат саҳна кўринишлари намойиш этилди. Цирк томошалари кўрсатилди.

Байрамона кайфият жўшқинлиги ҳукм сурган тадбир сўнгида болажонларга, байрам ташкилотчиларига, шунингдек фидойи ва жонкуяр шифокорларга партия томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Меҳринисо ЯКУБОВА,

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+