Бемор болажонларга қувонч улашамиз!

27.12.2023 13:12:55

Дунёда қувонч-шодликлар бисёр. Аммо, уларнинг ҳеч бирини болажонларнинг шўх-шодон кулгилари, хурсандчиликларига тенглаштириб бўлмайди. Янги йил арафасида юртимизнинг барча жойларида байрам шодиёналари кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Бироқ, бу кун тантаналаридан бебаҳра болажонлар ҳам йўқ эмас. Оғир хасталик сабаб болалик давру давронини, ҳаётнинг ширин завқини туйиб улгурмаган ниҳоллар касалхона деразасидан мўралаганча Янги йил шукуҳи, Қорбобо ва Қорқиз ташрифи, узоқ кутилган байрам совғаларини қўмсаганча хаёлга чўмади.
Ана шундай беғубор қалбларга қувонч, хуш кайфият ва умид учқунини улашиш мақсадида бугун “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши томонидан партиянинг “Саховат-беназир қадрият” лойиҳаси доирасида “Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида Республика болалар гематология онкология ва клиник иммунология маркази Сурхондарё филиалида онкологик касалликлар билан касалланган бемор болажонлар учун ҳомийлар кўмаги остида “Кўчма арча” тадбири ташкил этилди. Ҳомийлар ва Қорбобо иштирокида бемор болажонларга байрам совғалари тарқатилди. Кутилмаган байрам ташрифи 30 нафардан ортиқ болажонлар учун бир олам қувонч ҳадя этди.

Тадбирда кўзмунчоқ болажонлар байрамга аталган шеърларини тўлқинланиб айтиб беришди. Бир ярим ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган болажонларнинг орзулари, келажакдаги мақсадлари эзгу ниятларига қулоқ тутиб, қалблар тўлқинланди. Ҳаёт нашидасини, умр қадрини, соғлик неъмати ва унга шукроналик туйғуларини мана шу жажжи болакайлар ҳам ҳис қилиб улгурган. Қорбободан байрамга дардларига дармон тилаган мурғак қалблар ҳеч кимса хаста бўлмаслигини сўрашди. Уларнинг орасида келажакда учувчи, ҳарбий, шифокор, санъаткор бўлишни орзу қилганлар орзулари ҳақида гапириб беришди.

Мазкур байрам тадбири натижасида дардига даво излаб, бир неча ойдан буён муолажа олаётган бемор болаларнинг юзига табассум югурди. Қорбобонинг совғаларини чексиз мамнуният ила қабул қилиб олган болакайлар қалбларидаги орзуларини жажжи бармоқлари билан бирма-бир санаб беришди.

Мазкур тадбир фарзандларимизга аъло кайфият бағишлаб, уларни янада руҳлантирди. Болалар қувончи бизни ҳам, шифокорларни ҳам хушнуд этди, – дейди бемор болажонларнинг бирининг онаси Фотима Сафарова. —Ниятим, жамики беморлар йил якунига қадар дардига шифо топишсин, янги йилда ҳеч ким бетоб бўлмасин.

Бу хайрли ташаббус оғир бемор болалар ва уларнинг оилаларини ҳам руҳий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, кўтаринки байрам кайфияти улашиш, эртанги кунга ишонч туйғуларини шакллантиришга хизмат қилди.
Байрам тадбирлари вилоят туманларида давом эттирилиб, кам таъминланган, имконияти чекланган ёшларга байрам совғалари тарқатилади.

Гулшод Турсоатова,
 “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+