Бир нуроний ўн ёшга масъул

19.02.2024 14:02:55

Халқимизда: “Қариси бор уйнинг париси бор”, деган ҳикматли ибора бор. Ёши улуғларнинг ҳаёт тажрибалари, ҳикматларга тўла сўзлари ҳар бир ёш авлод учун бебаҳо сабоқ ҳисобланади.
Фарғона вилояти Данғара туманида Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, “Нуроний” жамғармасининг Фарғона вилояти бўлими раиси Зокиржон Раҳманов туманда истиқомат қилувчи пиру комиллар билан учрашди. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.


Шундан сўнг, “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тажрибаси асосида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож ёшлар билан якка тартибда ишлаш ва уюшмаган, ишсиз ёшларни ўз қарамоғига олган ҳолда уларни касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлашга кўмак бериш каби долзарб масалалари муҳокама этилди.
- Қадимдан ёши улуғлар ҳамиша ёшлар учун ибрат бўлиб келганлар. “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган халқимизнинг мақоли ҳеч бир даврда ўз қадрини, моҳиятини йўқотмайди. Биз нуронийлар маҳалладаги тинчлик ва осойишталикка, ёшларнинг таълим-тарбиясига ҳамиша масъулмиз, - деди депутат Зокиржон Раҳмонов. – Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш, оилавий ажримларга барҳам бериш доимий бурчимизга айланиб қолиши зарур. Ёшимиз улуғ деб, айрим салбий ҳолатларга кўз юмишга ҳаққимиз йўқ. Оила, маҳалла, юрт тинчлиги ва тараққиёти йўлида биргаликда ҳаётий тажрибаларимизга асосланган ҳолда иш юритсак, ватанимиз равнақига ўзимизнинг муносиб улушимизни қўшган бўламиз.
Учрашув давомида ёшларимиз тарбиясида кекса авлод вакиллари тажрибасидан кенг фойдаланган ҳолда, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилалар ўртасида барқарор муҳитни вужудга келтириш борасида амалга оширилаётган ишлар катта натижа бераётганлиги таъкидлаб ўтилди ва келгусидаги режалар белгилаб олинди.

Гулчеҳра АҲМЕДОВА,
Ўзбекистон "Адолат" СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+